Никоҳ тўйи харажатларини тўлаб берадиган SwanLuv номли стартап лойиҳаси пайдо бўлди. Шарти эса — ҳеч қачон ажрашмаслик. Агар никоҳ тўйи харажатлари тўлаб берилган жуфтлик қачондир ажрашишига тўғри келса, стартап тўлаган маблағ ва унинг фоизини қайтаришига тўғри келади. Бу ҳақда "Like It" стартап ва янгиликлар сайти хабар ёзган.

SwanLuv АҚШ стартапи бўлиб, мақола ёзилаётган пайтда, унинг сайтидаги маълумотларга кўра 62 кундан кейин ишга тушади. У жуфтликлар учун 10 000 долларгача никоҳ тўйи харажатларини тўлаб беради ва токи жуфтлик ажрашмагунча, эвазига ҳеч нарса талаб қилмайди.

Стартапдан фойдаланиш учун унинг сайтида анкета қолдириш керак бўлади ва лойиҳа махсус текширув алгоритми билан никоҳи мустаҳкам бўладиган жуфтликларни танлайди ҳамда уларнинг никоҳ харажатларини қоплайди.

Шунингдек, никоҳ тўйи харажатлари тўлаб берилган жуфтликларнинг кейинги оилавий турмушида қандайдир муаммолар учраса, стартап бепул маслаҳат хизматини ҳам тақдим этади.