Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Молдовага қарши ўйнамайдиган бўлди. Бу ҳақда championat.asia сайтида хабар қилинган.

25 ноябрь куни Ўзбекистон футбол федерациясининг матбуот хизмати томонидан ушбу терма жамоаларнинг ўртоқлик учрашуви 2016 йилнинг 9 февралида Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтиши ҳақида хабар қилинган эди.

Бироз ўтиб, Ўзбекистон терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов "Футбол Экспресс" газетасига берган интервьюсида федерация матбуот хизмати хабарини инкор этиб, бундай ўйин ҳақида билмаслигини билдирган.

Энди маълум бўлишича, ЎФФ февраль ойида БААда йиғин ўтказишга қарор қилган.

Молдова эса биргина Ўзбекистон билан ўйин БААга боришни истамаган ва баҳс бекор қилинган.

Молдова футбол Федерацияси вице-президенти Ион Тестемицану бу ҳақда ўз фикрларини билдириб ўтган.

"Биз 9 февраль куни Ўзбекистон билан ўйнамоқчи эдик. Руминия билан 4 ёки 5 февраль куни ўртоқлик учрашуви ўтказмоқчи бўлдик. Учрашувлар Анталия шаҳрида ўтказилиши керак эди. ЎФФ йиғинни БААда ўтказишга қарор қилди. Бизнинг Федерацияда БААга битта ўртоқлик учрашуви учун бориш учун пул йўқ" - деган у moldliga.com сайтига.

ЎФФ матбуот хизмати бу ўйин қолдирилгани ҳақида расман маълумот бермаган.