Пан Ги Мун “тарихий” йил якунлари тўғрисида маъруза қилди

Жаҳон 17 Декабрь 2015 2093

БМТ бош котиби Пан Ги Мун ташкилотнинг поёнига етиб бораётган 2015 йилда олиб борилган ишлари якуни ва 2016 йилдаги энг муҳим чораларга бағишланган анъанавий йиллик конференциясида чиқиш қилди.

“Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг 70 йиллик юбилейини нишонлаган ҳамда барқарор тараққиёт ва иқлим ўзгарига қарши кураш бўйича тарихий ҳужжатларни имзолаган муҳим йилнинг якунларини ўтказмоқдамиз”, - дея Пан Ги Мун сўзларидан иқтибос келтирмоқда БМТ Янгиликлар маркази.

БМТ бош котибининг сўзларига кўра, иқлим бўйича Париж келишуви ушбу мураккаб вазиятда “умид алангаси” ҳисобланади. “Мазкур кўп томонлама ёндашув триумфи БМТ фаолияти дунё биздан кутаётган натижаларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатади”, - деди бош котиб.

Пан Ги Мун ўз маърузасида 2015 йилда дунё бемисл қочқинлар оқимига гувоҳ бўлганини таъкидлаб ўтди. У бугунги кунда дунё ҳаракатчанлик бўйича янги глобал шартномага эҳтиёж сезаётганини қўшимча қилди. БМТ раҳбари демонизация ва одамларга диний эътиқоди, миллати ёки келиб чиқишига қараб зулм қилишдан воз кечишга чақирди.

2016 йилда Туркияда ўтказиладиган Жаҳон гуманитар саммити ҳақида тўхталар экан, бош котиб келгуси йилда инсонпарварлик лойиҳалари учун донорлардан ўн йил олдингидан 10 баробар кўп, яъни 20 миллиард доллар сўралишини эслатиб ўтди.

У дунё давлатларини можаролар, инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилишининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун кўпроқ куч сарфлашга чақирар экан, Ливия, Яман, Сурия, Бурунди ва Жанубий Судандаги инқирозларни эсга олди.

БМТ бош котиби Париждаги Конференция муваффақиятлари халқаро ҳамжамиятнинг замонавий таҳдидларга қарши туриш учун бирлашиш ва ҳамкорликда иш олиб бора олишини кўрсатганини таъкидлаб ўтди. У 2016 йилда ҳам худди шундай руҳда ҳаракат қилиш ва барча учун мақбул ҳаёт барпо этишга эришишга чақирди.

Кўпроқ янгиликлар