Бугун, 17 декабрь куни, Россия президенти Владимир Путин журналистларни ўн биринчи марта катта матбуот анжуманига тўплаб, уларга ўн биринчи марта “йил ҳисоботи”ни ўқиб эшиттирди. У ўз нутқи давомида Россиянинг 2018 йилги жаҳон чемпионатини қабул қилиши ҳақида тўхталар экан, ФИФАда юзага келган муаммолар ҳамда ташкилотнинг узоқ йиллик президенти Йозеф Блаттер ҳақида гапириб ўтди.

Россия президенти 79 ёшли футбол амалдорининг соҳада амалга оширган ишларини эътироф этиб, унга Нобель мукофоти берилиши кераклигини айтди.

У, шунингдек, Россия ЖЧ-2018 мезбонлигини қўлга киритиш учун ҳеч кимга босим ўтказмагани ва мезбонлик ҳуқуқи соғлом рақобат асосида қўлга киритилгани ҳақида айтиб ўтган.

"Блаттер дунё футболи учун жуда кўп ишларни амалга оширган. Унинг бажарган ишлари кўлами ва футбол ривожига қўшган ҳиссаси жуда каттадир. У ҳамиша футболга шунчаки спортнинг бир тури сифатида эмас, давлатлар ва миллатлар ўртасидаги тинчлик элчиси сифатида қараган. Айнан мана шунинг у Нобель мукофотига лойиқдир", дейди Путин.

Эслатиб ўтамиз, Блаттер октябрь ойида ФИФА тизимидаги порахўрлик жиноятларини текшириш ишлари доирасида 90 кунга футболдан четлаштирилганди.