Бугун, 17 декабрь куни, Россия президенти Владимир Путин журналистларни ўн биринчи марта катта матбуот анжуманига тўплаб, уларга ўн биринчи марта “йил ҳисоботи”ни ўқиб эшиттиради. Халқаро савдо марказида ўтадиган анжуманнинг вақти чекланмаган, деб хабар беради ТАСС агентлиги.

Ушбу тадбир учун аккредитациядан ўтган журналистлар сони янги рекорд бўлди: ОАВнинг жами 1392 вакили унда иштирок этади. Путиннинг 2001 йилдаги биринчи матбуот анжуманида 500 журналист иштирок этган эди. Кейинги йиллар кўрсаткичлари қуйидагичадир: 2002-2003 – 700дан ортиқ, 2004 – 750га яқин, 2007 – 1132, 2008 – 1364, 2013 – 1327, 2014 – 1259.

Шу билан бирга, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бир қанча одам аккредитациядан ўта олмаганини тан олди.

“1392 киши аккредитациядан ўтказилди, бир нечта журналистлар дарҳақиқат аккредитациядан ўта олмади, аммо барча нашрлар аккредитация қилинди”, - деди у.