Россия президенти Владимир Путин қизлари ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ берди. Эслатиб ўтамиз, яқинда Москва давлат университетида ишлаётган Екатерина Тихонова Путиннинг қизи эканлиги ҳақида мишмишлар тарқаган эди.
“Яқиндагина қизларим чет элда таълим олаяпти, дейишаётган эди”, - деди Россия етакчиси.

Унинг ишонтиришича, қизлари фақат Россия олийгоҳларида ўқиган ва Россия ҳудудидагина яшаган. У Россия ҳудудида яшаб, уч-тўрт тилда гапирадиган қизларидан жуда фахрланишини тан олди.
“Оилам билан боғлиқ масалаларни ҳеч қачон муҳокама қилмайман. Улар бизнес билан ҳам, сиёсат билан ҳам шуғулланмайди”, - қўшимча қилди Путин.

У Тихонова “МДУ ректорининг яхши ташаббуси” эканлигини таъкидлаш билан бирга, қизларининг иш жойи ҳақида маълумот беришдан бош тортди.
“Улар ҳеч қачон юлдузли болалар бўлмаган. Ҳар бир инсон шахсий ҳаётга ҳуқуқлидир. Хавфсизлик юзасидан ҳам бу ахборотни ошкор қилмайман”, - хулоса қилди президент.
Россия президенти Владимир Путин бугун, 17 декабрь куни, ОАВ вакиллари иштирокида катта матбуот анжумани ўтказмоқда.

Қарийб 1 400 журналист иштирокидаги тадбир Халқаро савдо марказида бўлиб ўтмоқда. Тадбир Россиянинг барча марказий каналлари орқали эфирга узатилмоқда.