Reuters: АҚШ Сурия мухолифатига ўқ-дориларнинг навбатдаги партиясини етказиб берди

Жаҳон 17 Декабрь 2015 3677

АҚШ Мўътадил Сурия мухолифати деб номланувчи кучларга ИШИД қўл остидаги стратегик муҳим аҳамиятга эга Аш-Шадади шаҳрига ҳужум қилишдан аввал ўқ-дориларнинг навбатдаги партиясини етказиб берди. Бу ҳақда Reuters агентлиги 16 декабрь куни хабар тарқатди.

“Ўқ-дорилар Сурия шимоли-шарқида жанг олиб бораётган мухолифатга ер орқали етказиб берилди”, - дея маълум қилди агентлик ахборот манбаси.
Шундай қилиб, Вашингтон 2015 йилнинг октябрь ойидан буён учинчи маротаба Сурия мухолифатига ўқ-дориларни етказиб берди. Ушбу мухолифат кучларининг курдлар билан ҳамкорлик қилиши эса Туркиянинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Агентликнинг қайд этишича, Аш-Шадади террористларнинг етакчи логистика марказларидан бири бўлиб, у ерда кўплаб автомагистраллар кесишади. Шаҳарнинг эгаллаб олиниши ИШИД пойтахти ҳисобланувчи Раккани ажратиб қўйишга имкон беради.
Бундан аввалроқ эса АҚШнинг Сурия ва Ироқдаги аксилтеррор амалиётларда иштирок этаётган қўшинлари расмий вакили полковник Стив Уоррен Аш-Шададида террористларнинг омборхоналари ва тайёргарлик лагерлари жойлашгани, бу ердан қуролланган жангарилар Сурия ва Ироқнинг турли нуқталарига юборилиши ҳақида хабар берган эди.

Reuters маълумотларига кўра, АҚШ экстремистларнинг шаҳар учун тиш-тирноғи билан курашишини кутмоқда.
Ахборот манбаси ҳужумларнинг қачон бошланиши ва унинг қанча вақт жавом этиши ҳақида маълумотлар тақдим этмаган.

Кўпроқ янгиликлар