Шимолий Кореяда 17 декабрда мамлакатнинг собиқ президенти Ким Чен Ир вафотининг 4 йиллиги муносабати билан хотира тадбирлари ўтмоқда.

Мамлакат етакчиси Ким Чен Ин қуролли кучларнинг қўмондонлик таркиби ҳамроҳлигида эрталабдан Кимсусан саройига ташриф буюрди, бу ерда шаффоф тобутда марҳум етакчининг жасади дафн этилган. Ким Чен Ин ўзининг марҳум отасининг кўп сонли мукофотлари, марҳум президент назорат сафарларини уюштирадиган поезд вагони, яхта ҳамда хизмат машинаси сақланадиган залларни айланиб чиқди.

Эрта тонгдан одамлар Пхеньян марказида барпо этилган Ким Ир Сен ва Ким Чен Ирнинг улкан ҳайкаллари пойига келмоқдалар. Парад кийимидаги ўқувчилар ва талабалар, жиддий костюм кийиб олган эркаклар ва миллий либослардаги аёллар ҳайкаллар пойига гуллар қўймоқда.

Шу муносабат билан газеталарда чоп этилаётган хабарларда Ким Чен Ир “буюк инсон ва сиёсий арбоб” бўлгани, у “мамлакатнинг ривожланишига катта ҳисса қўшгани” таъкидлаб ўтилмоқда. Шимолий Кореяда Ким Чен Ирни “кучли ва гуллаган давлат яратиш ва халқ фаровонлигини ошириш учун ўз кучини аямаган” “миллат отаси” ва “тенгсиз ватанпарвар” деб атайдилар.

Ким Чен Ир 2011 йил 17 декабрда навбатдаги назорат сафари давомида юрак хуружидан барвақт оламдан кўз юмган. Корея миллати олдидаги хизматлари учун Шимолий Корея раҳбарияти қарори билан Ким Чен Ир ортидан Корея Меҳнат партияси бош котиби ҳамда Давлат мудофаа қўмитаси раиси лавозимлари абадий сақланиб қолинган. Унга вафотидан кейин Шимолий Корея генералиссимуси унвони берилган.