Швеция ҳукумати кейинги 5 йил давомида Сурия аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами сифатида 1,7 млрд крона (200 млн доллар) миқдоридаги ёрдам маблағи ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг халқаро муносабатларини ривожлантириш масалалари бўйича вазири Изабелла Лёвин маълум қилди. У ёрдам маблағлари БМТнинг махсус жамғармасига берилишини айтган.

"Гап дунёда тинчликни таъминлаш чораси ҳақида кетмоқда", дея қайд этган вазир.

Унинг аниқлик киритишича, бу маблағлар Суриядаги соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси учун сарфланиши режалаштирилган. Шунингдек, инсонпарварлик ёрдамининг бир қисми Ливан, Иордания ҳамда Туркия каби қўшни давлатлар ҳудудига қочиб ўтган сурияликлар учун йўналтирилади. У бу маблағ Суриянинг амалдаги президенти Башар Асад иштирокисиз сарфланишини таъкидлаган.

"Биз Башар Асад режими билан ҳамкорлик қилмоқчи эмасмиз. Ёрдамлар БМТ, ЕИ ва фуқаролик ташкилотлари воситасида етказилади. Унутмаслик керакки, Сурияда одамлар қўрқинчли даражада ҳаёт кечиришмоқда. Мамлакатдаги 2 миллион бола мактабга бормайди, аҳолининг 60 фоизлик қисми ишсиз ҳисобланади. Биз таълим соҳасини ривожлантиришимиз керак, чунки болалар ва ёшлар келгусида жангчиларга айланмасликлари керак. Бу пуллар ҳудудда янги зиддиятлар юзага келмаслигида ёрдам беришини ният қилганмиз", дейди Лёвин.