Қашқадарё вилоятида фаолият юритиб келган тиббиёт ходими Нормуҳаммад Аъзамов 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда “Даракчи” газетаси ёзмоқда.

Айтилишича, Аъзамов 2004 йил майидан Қарши тумани суд-тиббий эксперти вазифасида, 2014 йил 1 августидан бошлаб ўриндошлик асосида Деҳқонобод туманлараро суд-тиббий эксперти лавозимида ишлаб келган.

2014 йил 28 декабрь куни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалининг реанимация бўлимига Деҳқонобод туманида яшовчи Ўрол Чориев тан жароҳати билан оғир аҳволда олиб келинган. Кўрсатилган ёрдамга қарамай, у вафот этган. Ички ишлар идораси ходимларининг қарорига асосан фуқаро Чориевнинг мурдаси суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказилиши лозим эди.

Бундай текширувни ўтказиш ўрнига Аъзамов марҳумнинг ўғлига, агарда у 800 минг сўм пул олиб келиб берса, Чориев ёпиқ мия шикасти, бош миянинг оғир даражада лат ейиши туфайли оламдан ўтгани ҳақида хулоса тайёрлаб беришини айтган.

Бу ҳолатдан жаҳли чиққан фарзанд тиббиёт ходими устидан тегишли жойларга арз қилган. Натижада у пора олаётганида жиноят устида қўлга олинган.

Аъзамов, 5 йиллик қамоқдан ташқари, 2 йил давомида мансабдорлик лавозимларига чиқишдан маҳрум қилиниш жазосига ҳукм қилинди.