Дунё бўйлаб 33 минг 700 нафардан ортиқ киши Туркиянинг "қора рўйхати"да қайд этилган. Бу рўйхатдаги кишилар турклар томонидан ИШИДга алоқадор деб топилган ва уларнинг мамлакатга кириши тақиқланган. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазири Эфқан Ала Онадўли агентлиги муҳаррири билан суҳбатда ошкор қилди.

"ИШИДга қарши кураш доирасида 33,7 минг кишига бизнинг мамлакатимиз чегараларидан ўтиш тақиқлаб қўйилган. Бу одамлар дунёнинг 123 мамлакатига мансуб ҳисобланади. Бу одамлар Суриядаги ИШИД жангарилари билан турли даражаларда алоқадор деб ҳисобланган. Шунингдек, Туркия ҳудуди орқали Сурияга ўтишни режалаштирган 2783 нафар киши (89 мамлакат фуқаролари) аниқланиб, ўз мамлакатларига қайтариб юборилган", дейди вазир.

Туркиянинг жануби-шарқида Курдистон ишчи партияси аъзоларига қарши олиб борилиши давом этаётган амалиётлар тўғрисида ҳам сўзлаган вазир бу амалиётлар давомида айни вақтга келиб, қурол-яроғларнинг каттагина омбори қўлга олинганини айтиб ўтган (курдлардан жами 2240 дона қуроллар олиб қўйилган).

"Шундан 862таси оғир турдаги ва узоқ масофага ўқ отувчи қуроллар ҳисобланади. Шунингдек, 10 минг донадан ошиқ миқдоридаги "Молотов коктейллари" ҳамда 10,5 минг тонна портловчи моддалар мусодара қилинган", дейди у.

Охирги кунлар давомида бу ҳудудда беқарор вазият сақланиб турибди. Курдлар миналар қўйиши туфайли портлашлар содир бўлмоқда, ҳукумат ўтказаётган амалиётлар чоғида ўққа учишдан қўрққан аҳоли вакиллари уйларини тарк этмоқда.