Америкаликлар йилнинг энг ёмон машиналарини танлади

Технология 18 Декабрь 2015 8546

АҚШнинг Consumer Reports нашри 2015 йилнинг энг ёмон автомобиллари рўйхатини эълон қилди. Журналистлар экспертлар билан бирга машиналарни синовдан ўтказиб, шунга яраша рейтинг тузиб чиқишди.

Тестлар чоғида Consumer Reports журналистлари автомобилларни кўплаб параметрлар бўйича баҳолаб, 1дан 100 баллгача баҳолаб чиқишди. Рейтингга энг паст балл тўплаган машиналар киритилди.

Toyota Yaris хэтчбеки синов натижаларига кўра 47 балл тўплади. Мутахассислар салон ичининг торлиги, шовқин изоляциясининг ёмонлиги ва рулнинг ноқулайлигини қайд қилишди. Бундан ташқари, динамик кўрсаткичлар пастлиги, ўтказмалар қутисида фақат тўрт диапазоннинг борлиги уларга ёқмади.

tC Scion купеси (Toyota’га тегишли) 44 балл тўплай олди. Экспертлар унда ҳам айнан шу камчиликлар борлигини, лекин улар янада чигаллаштирилганини таъкидлаб ўтдилар.
Mitsubishi i-MiEV электрокари 35 баллгагина эришди. Юриш кўрсаткичларининг пастлиги, динамик кўрсаткичларнинг ёмонлиги ва эски интерьери туфайли унинг натижаси паст бўлди.

Mitsubishi’нинг яна бир модели – Mirage хэтчбеки синовларда 29 балл тўплади. Беш эшикли машина 3 цилиндрли двигателнинг вибрацияси ва бошқарувнинг ёмонлиги туфайли бундай паст натижа қайд қилди.

Энг паст натижа эса Jeep Wrangler Unlimited йўлтанламасига тегди – модель фақат 20 балл тўплай олди. Синовчиларнинг фикрича, уни бошқариш қийин, юриш кўрсаткичлари паст, ёқилғи сарфи эса жуда юқори: 100 км га 14 л. Шунга қарамай, Wrangler эгаларининг 76 фоизи машинадан кўнгли тўлганини, уни қайтадан харид қилишга тайёрлигини таъкидлашди.

Кўпроқ янгиликлар