Маълумки, кеча Россия президенти Владимир Путин 1 392 журналист иштирокида катта матбуот анжумани ўтказди. Давлат раҳбарининг диққатини тортиб, ўз саволини бериш учун журналистлар қўлларида копток, қалам, бўйинбоғ ва бошқа предметларни кўтаришди.

Ҳатто айримлар “Ҳомиладорларга навбат беринг”, “Ҳаммага уй берилсин”, “Нефть”, “Она” сингари шиорлар ёзилган транспарантларни кўтариб киришди. Anadolu ахборот агентлигининг мухбири Елена Теслова эса бу борада ўзига хос йўлдан бориб, қўлидаги Туркия байроғини баланд кўтарди.

Таъкидланишича, тадбирда хавфсизлик чоралари ҳар доимгидан кучайтирилган. Фақат мухбирнинг исми ёзилган ва сурати ёпиштирилган аккредитация картасига эга шахслар детекторларда текширувдан ўтказилиб киритилган. Ортиқча нарсалар олиб қолинган. Шунга қарамай, кўплар юқорида тилга олинган буюмларни олиб киришга муваффақ бўлган.

Путин Теслованинг қўлидаги байроқни кўриши ҳамон унга сўз навбатини берилишига ишора қилди. Журналист аёл давлат раҳбарига иккита савол берди:
- Сиз Туркия сиёсий элитасини турк халқидан ажратишингизни айтгандингиз. Шундай экан, Туркиянинг Москвадаги элчихонасига уюштирилган ҳужум, туркиялик талабалар ва ишбилармонларнинг мамлакат ташқарисига чиқариб юборилишини қандай баҳолайсиз?
- Вена келишувларига қарамай, Асаднинг келажаги ҳақидаги саволлар очиқ қолиб кетди.

АҚШ ва Россия музокараларидан сўнг бу масалада бирор янгилик бўлса, Асад ўтиш даврида иштирок эта оладими? Нью-Йоркдаги музокараларда қандай позицияда турасиз?
“Путиндан сўрайдиган кўп саволларим бор эди, шунча журналист ичида унинг диққатини торта олишим керак эди, - деди Теслова анжумандан сўнг. – Мен Anadolu ахборот агентлигида ишлайман. Шу боис Туркия байроғини кўтаришга қарор қилдим”.