Суриядаги ихтилофнинг ечимини жаҳон ҳамжамияти мамлакат ҳудудида ҳаракат қилаётган террорчиларга қарши кураш бўйича реал чоралар кўрса, бир йилдан камроқ вақтда топиш мумкин, деб айтди Сурия президенти Башар Асад.

“Агар мамлакатлар масъулият кўрсатиб, террорчилар оқимига қарши чоралар кўрса, уларда мавжуд бўлган логистик кўмакни йўқ қилса, унда ихтилофнинг ечими бир йилдан камроқ вақт олишига кафолат бераман”, деб айтди Асад Нидерландиянинг иккинчи давлат каналига берган интервьюсида.

Асаднинг таъкидлашича, кўп давлатлар, аксинча йўл тутмоқда, яъни “вазиятни борган сари чигалроқ қилишга ҳаракат қилмоқда ҳамда муаммонинг исталган ечимига тўсиқлар яратмоқда”.

“Буларнинг барчаси улар Сурияни ўзгартириши, уни президентидан маҳрум қилиши мумкин бўлган “сиёсий ечимни” талаб қилаётганлари сабаблидир. Шунинг учун муаммонинг ҳал қилиниши чўзилаверади”, деб айтди Асад.

Асад навбатдаги марта фақат Сурия халқининг ўзигина амалдаги етакчи қолиш-қолмаслигини ҳал қилиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

“Бу масалани фақат сурияликлар ҳал қилиши керак. Агар Сурия халқи менинг қолишимни истамаса, унда мен ўша куниёқ ҳокимиятни тарк этишим керак бўлади”, деб айтди Асад.