Ҳар йилнинг 18 декабрида нишонланадиган Халқаро муҳожирлар куни муносабати билан россиялик бир қатор экспертлар Sputnik агентлигига интервью бериб, Россияда Марказий Осиё муҳожирлари билан боғлиқ масала қандай босқичда тургани ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Аввало, ўтган даврда меҳнат муҳожирларининг мамлакатга келиши билан боғлиқ тартиб-интизом анча мукаммаллаштирилди, деб ҳисоблайди МДҲ давлатлари институти диаспора ва миграция бўлими мудираси Александра Докучаева. Жумладан, патентнинг харид қилиниши чет элликка ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар қўлида ишлаш ҳуқуқини беради. Бу ўзгаришлар, мутахассиснинг фикрича, Россияда миграцион қонунчилик модернизацияси тўғри йўналишда кетаётганидан далолатдир.

Шунингдек, муҳожирлар тил имтиҳонини топширишини ҳам эксперт тўғри деб баҳолаб, бу амалиёт кўп давлатларда борлигини эътироф этди.
Лекин бу қонунчиликнинг ишлашига коррупция тўсқинлик қилмоқда, тан олади Докучаева.
“Керакли маълумотномаларни сотиб олиш мумкин бўлса, ягона ойнанинг ягона марказлари қўшимча структураларга эга бўла бошласа, улар ҳам иши учун пул олса, реализация қонунчиликларни тўғри бўлган ғояларини ҳам бузиб юборади”, - тушунтирди у фикрини.

Шу билан бирга, қонунчиликнинг қаттиққўллаштирилиши муҳожирларнинг каттагина қисмига шундай қийинчиликлар туғдирдики, улар Россияни тарк этишга мажбур бўлишди. “XXI аср миграцияси” жамғармаси президенти, Федерал миграция хизмати директорининг собиқ ўринбосари Вячеслав Потаниннинг таъкидлашича, қонунлар ўз-ўзидан яхшилиги, аммо уларнинг амалиёти жиддий оқсаётгани, боз устига, коррупциянинг кучлилиги боис Марказий Осиё давлатларидан ташриф буюрган муҳожирларнинг катта қисми ўз юртларига қайтиб кетганини айтди.

“Меҳнат муҳожироти Россиянинг ривожланиши учун зарур ресурс, аммо, афсуски, ундан ҳозирча фойдалана олмаяпмиз. Патент қонунчилигини олайлик. У бир томондан яхши, бошқа томондан эса бажариш қийин бўлган талабларга тўла, - дейди мутахассис. – Ноқонуний миграциянинг олдини олиш учун ҳали кўп нарса қилиш керак”.

Элдор Асанов тайёрлади