Грециялик теннисчи Александрос Якуповичга нисбатан бир умрлик дисквалификация қўлланди. Tennis Integrity Unit ташкилоти сайтида маълум қилинишича, у келишилган ўйинлардаги иштироки учун жазоланган.

34 ёшли спортчи 5та ҳолатда келишилган ўйинда иштирок этганини тан олган.

Якупович 2008 йилда ATP таснифига кўра 267 ўринда қайд этилганди. У жорий йилги мавсумда ҳам Челленжер туркумидаги 2та мусобақада иштирок этган ва икки турнирни ҳам илк ўйиндан кейиноқ тарк этган.

Tennis Integrity Unit 2008 йилда Халқаро теннис федерацияси (ITF), Профессионал теннисчилар уюшмаси ATP ва Аёллар тенниси уюшмаси (WTA) иштирокида ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади теннис спортидаги келишилган ўйинларга қарши кураш ҳисобланади.
2014 йилнинг июнида ушбу ташкилот россиялик теннисчи Андрей Куманцовга ҳам умрбод дисквалификация қўллаганди.