ИШИД ташкилоти раҳбарияти ўз жангариларига телевизор кўришни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Al Bawaba портали хабар қилган.

Бу орқали жангариларнинг хорижий телеканаллар орқали ИШИДнинг фаолияти танқидий тарзда муҳокама қилинаётганидан хабардор бўлишларининг олдини олиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, ИШИД аъзоларига телевизор сотиш ҳамда сотиб олиш, шунингдек телевизорни таъмирлаш ман қилинган.

Ушбу кўрсатмалар ижросини таъминлаш дала қўмондонлари зиммасига юклатилган. Улар уйларни текшириш, қоидалар бажарилмагани учраган тақдирда тегишли чоралар кўришлари керак бўлади.

Al Bawaba хабарига кўра, ИШИД Ғарб брендларига жиддий уруш очган. Нашрнинг эслатишича ИШИД ўз аъзоларига америкаликларнинг Nike компанияси томонидан ишлаб чиқарилган кийимларни киймасликни буюрган. Шунингдек, жангарилар "инлизча ёзувлар туширилган либослар"дан фойдаланмаслиги кўрсатма қилинган.