Сурия президенти Башар Асад ҳокимият тепасида бўлар экан, Сурияда узоқ муддатли тинчликка эришишнинг иложи йўқ, деб айтди 18 декабрда Германия канцлери Ангела Меркель Брюсселда ўтган Европа Иттифоқи саммити иши натижаларига бағишланган матбуот-анжуманида.

“Биз сиёсий жараён муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтдик. Бироқ Суриядаги жорий тузум билан узоқ муддатли тинчликнинг иложи йўқ”, деб айтди Меркель. “Биз албатта Нью-Йоркдаги Сурия бўйича музокараларга муваффақият тилаймиз”, деб қўшимча қилди Меркель.

14 ноябрда Венада Сурия бўйича иккинчи кўп томонлама учрашув бўлиб ўтганди, унда иштирокчилар Дамашқ ва мухолифат вакиллари ўртасида музокараларни 1 январгача бошлаш вазифасини қўйгандилар. 6 ой ичида Сурияда янги ҳукумат яратилиб, мамлакат конституциясини қайта кўриб чиқиш бошланиши керак эди, унга мувофиқ 18 ойдан кейин мамлакатда “эркин ва адолатли сайловлар” ўтиши белгиланганди.

Венадаги ҳужжат, шунингдек, ўт очиш тартибини тўхтатишни ҳам кўзда тутади. У Сурия ҳукумати ва мухолифат сиёсий ўзгаришларни бошлаганларидан кейиноқ кучга кириши керак.