Москвада ишлаётган меҳнат муҳожирларининг 60 фоизи Янги йилни ўз ватанларида кутиш учун кетдилар. Бу ҳақда “Тожик меҳнат муҳожирлари” Умумроссия жамоатчилик ҳаракатининг раиси Каромат Шарипов РСН эфирида маълум қилди.

“Меҳнат муҳожирларининг 50-60 фоизи кетди. Агар тожикистонликларнинг ўзини оладиган бўлсак, 1,2-1,5 млн муҳожирдан 400-500 минги деярли уйига қайтиб кетган”, деб айтди Шарипов.

Унинг айтишича, тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг катта қисми ҳозирда 2018 йилги жаҳон чемпионати объектлари қурилишида ишламоқда.

Шундай ҳолатни Москва таксичилари касаба уюшмаси раҳбари Александр Макаров ҳам қайд этмоқда. Унинг айтишича, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи кўпчилик муҳожирлар ўз уйларига кетганлар.

“Барибир Янги йил оилавий байрам-да”, деб таъкидламоқда Макаров.

РСНнинг маълумотларига кўра, Москва аҳолиси муҳожирларнинг уйларига қайтганларини ўзларида сезмоқдалар. Gettaxi, “Яндекс.Такси” ва Uber дастурлари фойдаланувчилари арзон нархда такси буюртма қилишда қийинчиликларга дуч келаётганларини таъкидламоқдалар. Ушбу хизматлар юқорироқ нархлардаги хизматлардан фойдаланишни таклиф қилмоқда, бироқ шу ҳолатда ҳам машина тақдим қилиниши кафолатланмаган.