ИШИД жангарилари Шимолий Ироқда охирги 5 ой ичидаги энг йирик ҳужумни амалга оширди. Тhe New York Times нашрининг сайтида хабар қилинишича, жангарилар ҳудуддаги курдларнинг позицияларига ҳужум амалга оширган.

Маълум қилинишича, жангарилар курдларнинг Башика туманидаги лагерларига ва "пешмерглар" назоратидаги ҳудудларига ҳужум қилишган.

Шунингдек, Нарван ва Тал-Асвад аҳоли пунктларига яқин ҳудудларда ҳужум амалга оширилган. Ҳар бир ҳужумда 120 нафардан жангари иштирок этган.

ИШИДнинг бу кенг кўламли ҳужумлари АҚШ бошчилигидаги коалициянинг авиацияси ёрдамида бартараф қилинган.

Пентагон вакиллари хабарига кўра, жами авиация зарбалари орқали 180 нафар атрофидаги жангари йўқ қилинган. Шунингдек, пешмерглар билан тўқнашувларда 100 нафар атрофидаги жангари ўлдирилган.

АҚШ Армияси генерали Марк Одом айтишича, ушбу ҳужумлар шу йилнинг июлидан буён Шимолий Ироқда ИШИД томонидан амалга оширилган "энг йирик ҳужум" бўлди.

Унинг фикрича, жангарилар бу орқали Ғарб коалицияси ва курд ҳарбийларининг иттифоқини узиб қўйишни мақсад қилишган.