Россия президенти Владимир Путин кеча берган катта матбуот анжуманида Донбассда россияликлар борлигини айтиб ўтди, аммо бу асосда у ерда РФ қуролли кучлари вакиллари бор деган хулоса қилиш керак эмас, деб ҳисоблайди президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков.

“Биз у ерда маълум масалалар, шу жумладан, ҳарбий соҳа ечими билан шуғулланадиган одамлар йўқ деб ҳеч қачон айтмаганмиз, лекин бу у ерда Россиянинг мунтазам қўшинлари бор дегани эмас”, - деган эди Путин кеча. Песковнинг фикрича, давлат раҳбари у ерга йўл олган россиялик кўнгиллиларни назарда тутган.

“У ерда уруш кетаётганди, одамлар у ерга урушгани кетишди, ўқ отишди, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишди – мана шу ҳарбий соҳадир”, - тушунтирди Песков.
Гап россиялик профессионал ҳарбийлар ҳақида кетмаяптими, деган саволга, Песков ишонч билан “Йўқ” деб жавоб берди.