Маълумки, кеча Россия президенти Владимир Путин 1 392 журналист иштирокида катта матбуот анжумани ўтказди. Ушбу тадбирда янграган саволларга давлат раҳбари томонидан берилган кўплаб жавоблардан бештаси Ғарб матбуотида айниқса қизғин муҳокама қилинмоқда, деб ёзади Россиянинг қатор онлайн нашрлари.

Туркия ҳақидаги кўплаб саволлардан бирига жавоб бераркан, Путин “Туркиянинг бугунги раҳбарияти билан келишишнинг имкони йўқ”, деб таъкидлади. Италиянинг Il Giornale нашрида ёзилишича, Кремль бошлиғи “Анқарага нисбатан сўзларни аямагани”ни эътироф этди.

“Су-24 воқеасидан буён Туркия ҳамон унинг биринчи рақамли душмани бўлиб қолмоқда”, - деб ёзади мақола муаллифи.
Британиянинг Daily Express нашри ҳам шу сўзларга эътибор қаратиб, икки давлат ўртасидаги келишмовчилик Европа Иттифоқига ҳам яхшилик келтирмаслигини таъкидлади. “Туркия оқими” бўйича музокаралар тўхтаб қолган тақдирда Европа энергетик харитасида кескин ўзгаришлар содир бўлади.

“Соҳа экспертларининг фикрича, Су-24 воқеасининг дипломатик оқибатлари Туркияни ҳалокатга келтириши мумкин”, - хулоса қилди муаллиф.
Ғарб матбуоти Путиннинг Украинада “айрим масалаларни ҳал қиладиган одамлар” борлиги ҳақидаги сўзларига жиддий эътибор қаратди.

Донбассда россиялик аскарларининг борлиги шу пайтгача инкор қилиб келинганига қарамай, бу сафар Путин “Биз у ерда маълум масалалар, шу жумладан, ҳарбий соҳа бўйича, ечими билан шуғулланадиган одамлар йўқ деб ҳеч қачон айтмаганмиз, лекин бу у ерда Россиянинг мунтазам қўшинлари бор дегани эмас. Фарқини кўринг” деб барчани лол қолдирди. The Guardian, The Telegraph, Washington Times, Newsweek ва бошқа нашрлар бу сўзларда “Россия президентининг биринчи марта Украинада РФ ҳарбийлари борлигини омма олдида тан олиши”, деб баҳолади.

Шунингдек, Путин Дональд Трампни АҚШ президентлигига номзодлар ичида етакчи деб баҳолаши кўпчиликнинг таажжубига сабаб бўлди.
“Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги муҳаббат икки томонламага ўхшайди”, - кинояли тарзда ёзади Politico нашри колумнисти ва ўқувчиларга Трамп кўп маротаба Путинни кўкларга кўтариб, уни АҚШнинг бугунги раҳбариятига ўрнак қилиб кўрсатганини эслатиб ўтади.
Россия президентининг Йозеф Блаттерга Нобель мукофоти бериш лозимлиги ҳақидаги гаплари ҳам танқид остига олинди.

“Тушунмадим, Путин Блаттерни мақтадими, Нобель мукофотини масхара қилдими?”, - деб ёзади швециялик журналист Карл Фрид Клеберг. New York Times спорт шарҳловчиси Жулиет Макур ўз норозилигини ифодалайдиган сўзлар топа олмаётганини таъкидлаб ўтди.
CNN мухбири Ник Робертсоннинг эътироф этишича, мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ҳақида гапираркан, Путин барини рўй-рост тан олган.

“Ўз сўзларида у ташқи омилларни айбдор қилиб кўрсатмади. У АҚШ ёки, айтайлик, Форс кўрфази давлатлари – Саудия Арабистонини айблаб ўтирмади. Бу жуда қизиқ”, - қайд қилиб ўтди у.
Умуман олганда, Ғарб таҳлилчиларининг аксарияти Россия етакчиси ижобий кайфиятда эканлигини эътироф этишди.

Элдор Асанов тайёрлади