Хабарингиз бор, ҳамюртларимиз Фарҳод Тожиев ва Садриддин Абдуллаев ортда қолган мавсумни Малайзияда ўтказишди.

Малайзияда нуфуз жиҳатдан иккинчи ўринда дея эътироф этиладиган премьер лига баҳсларининг 2015-йилги мавсуми якунига кўра футболчиларимиз шарафини ҳимоя қилган “Т-Тим” клуби учинчи ўринни банд этиб, Супер Лигага йўл ола билмади. Натижада Тожиев ҳам, Абдуллаев ҳам “Т-Тим” билан шартномани узайтирмасликка қарор қилишди. Ҳозирда ушбу икки футболчи бошқа жамоалар таклифларини кўриб чиқишмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Садриддин Абдуллаевни Тошкентнинг “Локомотив” клуби ҳам ўз сафида кўрмоқчи. Маълум бўлишича, “темирйўлчилар”нинг таклифлари жиддий. Аммо маҳоратли ярим ҳимоячи якуний қарор қабул қилишга шошмаяпти. Чунки уни Малайзия Супер Лигаси иштирокчиси бўлган жамоалардан бири ҳам ўз таркибига қўшиб олиш ниятида. Агар томонлар ўзаро келиша олишса, Садриддин Абдуллаев келаси мавсумни ҳам Жануби-шарқий Осиёда ўтказади.

Манба: Sports.uz