Япониянинг Nikkei сайти маълумотларига кўра, Sony компанияси мутахассислари аввалги ўлчамларни сақлаб қолган ҳолда 40 фоизга кўпроқ энергия тўплайдиган литий-ионли аккумуляторнинг янги турини яратмоқда. Sony бунинг уддасидан чиқишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади, чунки айнан Sony ҳозирда барча мобиль қурилмаларда ишлатилувчи литий-ионли аккумуляторни яратган.

Sony’нинг янги аккумуляторларида олтингугурт ишлатилади, бироқ мавжуд намуналарда бу модда жуда тез ишдан чиқади, шунинг учун мутахассислар унинг ишлаш вақтини 10 минг марта узайтириш усулини ўйлаб топишларига тўғри келади. Бундан ташқари, компания аккумуляторлардан литийни чиқариб ташламоқчи ва унинг ўрнига магний ишлатмоқчи, бу ҳам тўпланадиган қувватнинг кўпайишига олиб келади (бундан ташқари, магний литийдан арзонроқ туради, секинроқ яроқсиз ҳолатга келади ва жуда қизиб кетганда портламайди).

Аккумуляторлар сиғимдорлигини жиддий кўпайтирилишини камида 2020 йилгача кутишга тўғри келади. Бунгача Sony компанияси Xperia Z10 смартфонини яратиб бўлади.