Тошкент вилояти ҳокими Аҳмаджон Усмоновнинг 14 декабрдаги фармони билан ташкилот, корхона ва муассасалар, шунингдек, алоҳида шахсларга тегишли аҳоли яшамайдиган объектларда уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан видеокузатув тизимлари ўрнатилиши белгиланди.

Вилоят ИИБ ҳамда шаҳар ва туман ҳокимиятларига жиноят эҳтимоли юқори бўлган жойлар, шунингдек, одамлар тўпланадиган даҳалар ва кўчаларни видеокузатув билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш топширилган.

Ҳужжатда қурилаётган ва реконструкция қилинаётган барча аҳоли яшамайдиган объект ва иншоотларга камералар ўрнатиш тавсия этилган.
Хусусий уй жамғармаси субъектлари, ННТ ва тадбиркорлик субъектлари учун видеокамералар ўрнатиш мажбурий эмас.
Кўп қаватли уйларнинг видеокузатув камералари билан таъминланиши шахсий уй-жой эгалари биродарликлари маблағлари ҳамда банклар ажратадиган кредитлар ҳисобига ўрнатилиши кўзда тутилган.

Ижтимоий соҳа объектлари ва таълим муассасалари бундай камералар билан ушбу муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига таъминланади.
2016 йилдан бошлаб умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ва вилоятнинг бошқа барча бюджет ташкилотлари харажатлари сметасига қўриқлаш хизмати, шу билан бирга, қўриқлаш пунктлари билан боғланиш пультлари сарфлари киритилиши кўзда тутилган.

Камера ёзувлари жамоат тартибини ва хавфсизликни сақлаш мақсадларида қўлланиши мумкинлиги алоҳида қайд қилиб ўтилди.
Илгари Тошкент шаҳрида мана шундай тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилгани хабар қилинган эди. Шаҳардаги барча даҳалар, маҳаллалар, кўп хонадонли уйлар ҳамда аҳоли яшамайдиган объектлар ташқи кузатув камералари билан жиҳозланади.