Маълумки, 2010 йили Туркиянинг “Мовий Мармара” кемасида Фаластинга гуманитар ёрдам олиб кетаётган тинч аҳоли вакиллари ва жамоатчилик фаолларининг Исроил ҳарбийлари томонидан ёппасига қатл қилиниши оқибатида икки давлат орасидаги муносабатларга кескин совуқлик тушган эди.

Туркия матбуотининг хабар қилишича, куни-кеча бу совуқликни ўртадан кўтариш мақсадида икки давлат раҳбариятининг вакиллари муайян бир келишувга эришган.
Туркманистонга ташрифи чоғида Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил билан муносабатлар яхшиланиши учун расмий Тель-Авив учта шартни бажариши лозимлигини айтган эди.

Бу баёнотдан бир неча кун ўтиб Исроил расмийлари музокараларга тайёрлиги ҳақида ишора берган. Натижада чоршанба куни Туркия ташқи ишлар вазири ўринбосари Фаридун Синирлиўғли Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг махсус вакили Йозеф Чехановер ҳамда МОССАД раҳбари Йосси Коэнлар билан Швейцариянинг Цюрих шаҳрида яширин учрашув ўтказди.

Учрашув кун тартибида бешта масала бўлди:
- Исроил “Мовий Мармара”да ҳалок бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ёрдам кўрсатиш фондига 20 млн доллар ажратади;
- Туркия ва Исроил бир-бирининг ҳудудида фавқулодда ва мухтор элчиларини тайинлаб, ўзаро манфаатли дипломатик алоқаларни қайта тиклайди;
- Туркия “Мовий Мармара” қатлиомининг ижрочилари бўлмиш исроиллик аскарларнинг жазога тортилиши таъминланган тақдирда бошқа даъволарини бекор қилади;
- Истанбулда яшириниб келаётган ҲАМАС ҳарбий қаноти раҳбарларидан бири Салоҳ Арурий Туркиядан чиқариб юборилади, ҲАМАСнинг Туркиядаги активлари музлатиб қўйилади;

- Ушбу шартнома имзоланганидан сўнг Туркия ва Исроил табиий газ конларида ҳамкорлик қилади. Туркия Исроилдан табиий газ сотиб олади. Исроил гази Туркия орқали Европага чиқарилади.
“Музокаралар давом этмоқда. Келишув ҳануз имзоланмади. Балки яна бир бор учрашув талаб этилар, аммо янги босқичга яқинлашиб қолдик”, - деди учрашувга алоқадор туркиялик дипломатлардан бири.

Элдор Асанов тайёрлади