Ироқ ташқи ишлар вазири Иброҳим ал-Жаъфарий БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиб, мамлакат шимолига Туркия қўшинларининг кириб келиши юзасидан резолюция қабул қилишга чақирди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар бермоқда.

Унинг сўзларига қараганда, резолюция “турк оккупацияси”ни қоралаши ҳамда “давлат иродасига қарши ноқонуний бостириб кириш”ни акс эттириши лозим.
Шунингдек, вазир резолюцияда Туркиядан дарҳол қўшинларни олиб чиқиб кетишни ва бундай бир томонлама ҳаракатларни бошқа такрорламасликка ундаши лозимлиги таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Туркия қуролли кучлари бир ярим йилдан буён ИШИД назорати остида бўлган Мўсул шаҳри атрофига ўз отрядларини юборган эди. Ҳарбийларга жангариларга қарши курашаётган курд кўнгиллиларини машқ қилдириши вазифаси қўйилган.