WBA версияси бўйича супер оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев 2016 йилнинг 5 март куни Чеченистоннинг Грозний шаҳрида австралиялик Лукас Браунга қарши жанг ўтказади.

Чемпионликка даъвогар бўлган Браун матбуот билан мулоқот чоғида ўз танасини машинага айлантириш жараёнини бошлаганини таъкидлаб ўтди.
“Йўлимда учраган ҳамма нарсани йўқ қилиб юбораман. Мен жанг рақиб ҳудудида ўтишидан хавотирда эмасман, мен океан ортида кўп жанг қилганман. Рингда мен ва Чагаевдан бошқа ҳеч ким бўлмайди”, - деди у.

Брауннинг сўзларига қараганда, у WBA камарини муҳаққақ қўлга киритади ва супер оғир вазнда чемпионликни олган биринчи австралияликка айланади.
“Мен Грознийга Чагаевни нокаут қилишга кетяпман! Мен учрашув тақдирини ҳакамлар қўлига бериб қўймоқчи эмасман. Менинг икки ҳакамим бор – чап ва ўнг қўлим, улар мен билан рингда бўлади”, - деб унинг сўзларини келтиради Vringle.com.

Илгари хабар қилинганидек, Браун устидан ғалаба қозонган тақдирда Чагаев британиялик Тайсон Фьюрига дуч келиши мумкин. Фьюри, ўз навбатида, яқинда украиналик Владимир Кличкодан IBF, IBO, WBO ва WBA версиялари бўйича чемпионлик камарларини тортиб олган эди.

Чагаев профессионал карьерасида фақат икки марта мағлуб бўлган: 2009 йили Владимир Кличкодан, 2011 йили эса россиялик Александр Поветкиндан енгилган.