12 ноябрь куни Эфиопиянинг Оромия вилоятида бошланган норозилик намойишлари чоғида камида 75 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро ҳуқуқ ташкилоти хабар берди.

Протест ҳаракати пойтахт Аддис-Абебадан 80 км наридаги Гинчи шаҳрида бошланди. Аҳоли инвестицион лойиҳа доирасида ўрмонларнинг кесилишига эътироз билдирди. Митинглар секин-аста бутун вилоятни қамраб олди.

“Полиция ва ҳарбийлар намойишчиларга қарата ўт очди, камида 75 киши ҳалок бўлиб, кўплаб одамлар жароҳат олди”, - дейилади халқаро ташкилотнинг баёнотида.
15 декабрь куни Эфиопия раҳбарияти намойишчиларни “чет эл террорчи гуруҳларидан топшириқ олаётган кучларга тўғридан-тўғри алоқадор”ликда айблади. Шу билан боғлиқ равишда уларга қарши курашга аксилтеррор кучлари жалб қилинди.