“Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан яқинда чоп этилган “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китоб мутахассислар томонидан маънавий хуружлардан ёшларни ҳимоя қилишга қаратилган илк ўқув қўлланма сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий сайти хабар бермоқда.

Ушбу китоб Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ўтказилган “Йилнинг энг яхши китоби” республика кўрик танловида биринчи даражали Диплом билан тақдирланди. Мазкур танловда жорий йилда нашр этилган кўплаб адабиётлар орасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган китобнинг биринчи ўринни олиши ҳаммамизга қувонч ва ифтихор бағишлади.

“Мазкур китоб келажагимиз бўлган ёш авлодни турли ёт оқимлар, бузғунчи кучлар ва оммавий маданиятнинг салбий таъсирларидан ҳимоя қилишда катта аҳамият касб этади. Зеро, унда фарзандларимизнинг комил инсон бўлиб етишиши учун фойдали, энг тўғри ва жуда муҳим маълумотлар жамланган”, - дейилади хабарномада.