2015 йил 19 декабрь куни Жиззах вилоят Молия бошқармасининг мажлислар залида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан ЎзМТДП Жиззах вилоят Кенгаши ҳамкорлигида Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги «Асосий вазифамиз – жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнларини янги босқичга кўтаришдан иборат» номли маърузасида илгари сурилган ғоя ва фикрлардан келиб чиқадиган вазифаларни белгилаш ва мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга бағишланган семинари ўтказилди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти пресс-релизида келтирилишича, йиғилишда сўз олганлар Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталарининг амалдаги қонунчиликни хатловдан ўтказиш, «ишламайдиган» ва ўзаро зид нормаларни бартараф этиш мақсадида қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича дастурий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича фаолиятини давом эттириш лозимлиги таъкидланди.
Таъкидланганидек, президентимизнинг маърузасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказишни аниқ тартибга соладиган, энг муҳими, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб боришга қаратилган махсус қонун ҳужжатини қабул қилиш ва амалга ошириш борасида илгари сурилган ташаббус мазкур соҳадаги вазиятни яхшилашга хизмат қилади.
Қўшма йиғилишда фракция ва партиянинг 2016 йилги иш дастурини маърузада белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб шакллантириш келишиб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.