Обама 40 йил давом этган АҚШдан нефть экспорт қилишга тақиқловни бекор қилди

Жаҳон 19 Декабрь 2015 5252

АҚШ президенти Барак Обама 18 декабрда 2016 йил учун мамлакатнинг федерал бюджетини имзолади ва шу тариқа 40 йил давом этган АҚШдан нефть экспорт қилишга тақиқловни бекор қилди.         

АҚШнинг 2016 молиявий йил учун бюджети ҳажми 1,15 трлн долларни ташкил қилди. Аввалроқ Конгрессда маъқулланган ҳужжатда бир қатор федерал муассасалар, жумладан давлат департаменти ва миллий хавфсизлик вазирлигининг молиялаштирилиши кўрсатилган. Бу ҳужжатга Пентагон бюджети киритилмаган, у аввалроқ алоҳида қабул қилинган.

Оқ уй ва демократлар гинекология соҳасида тиббий хизматлар кўрсатувчи ва тадқиқотлар ўтказувчи “Оилани режалаштириш” ташкилотининг молиялаштирилишини сақлаб қолишга ҳамда суриялик қочқинларни қабул қилиш учун ажратиладиган маблағларни қисқартиришга муваффақ бўлдилар.

Ҳужжатда, шунингдек, АҚШдан нефть хом ашёсининг экспорт қилинишига тақиқловнинг бекор қилиниши ҳам қайд қилинган. Бу тақиқлов 1975 йилда, Яқин Шарқдаги ихтилоф туфайли юз берган энергетик инқироз даврида киритилганди, унга кўра АҚШ компанияларига хорижга фақатгина нефтни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар, жумладан бензин етказиб беришгагина рухсат берилган.    

Эмбаргонинг бекор қилиниши тарафдорларининг таъкидлашича, АҚШда нефть олишнинг ўсиши шароитида бу ҳолат бутун АҚШ иқтисодиёти учун ижобий таъсир қилади. Унга қарши чиқаётганлар эса бу фақатгина йирик энергетик компаниялар учунгина фойдалилигини ва истеъмолчилар манфаатларига зиён етказишини таъкидламоқдалар.

Кўпроқ янгиликлар