Оқ уйда йил якунлари бўйича берган катта матбуот анжуманида АҚШ президенти Барак Обама Сурия ва ИШИД масалаларига батафсил тўхталиб ўтди. Хусусан, у мазкур масалалар ечимига келишда барча томонлар, жумладан, Эрон ва Россия манфаатларини инобатга олишга чақирди.

Унинг фикрича, бугун Сурияда сиёсий ўтиш даврини бошлаб, тинчлик сари бир кўприк ташлаш имконияти бор. Бу даврда амалдаги президент Башар Асад ва унинг иттифоқчилари манфаатлари ҳам четда қолиб кетмайди.

Бундан ташқари, Обама Башар Асад мансуб бўлган диний камчилик – алавийларнинг манфаатларини ҳам ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади. Шунга қарамай, Асад ўз қонуний ҳокимиятини йўқотиб бўлгани, у кетмаса, мамлакатда қон тўкилиши тўхтамаслиги борасидаги фикрлар яна бир бора такрорлаб ўтилди.

Сиёсий ўтиш жараёни Суриянинг ягона давлат сифатида сақлаб қолишни ва ўт очишни тўхтатишни ўз ичига олиши лозим, деб қўшимча қилди АҚШ етакчиси.
“Бу тинчлик идеал бўлмайди, лекин кучларни асосий мақсадга – ИШИДни йўқ қилишга қаратишга ёрдам беради”, - хулоса қилди Обама.