Россия президенти Владимир Путин мамлакат махсус хизматлари 2015 йил давомида бир қатор хорижий давлатларнинг 320 дан ортиқ разведкачиси ва агенти аниқланганини маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Путин бу ҳақда Кремлда Хавфсизлик органлари ишчилари кунига бағишланган тадбирда маълум қилди.

“Контрразведкачиларга катта масъулият юкланади. Бу йили улар хорижий давлатлар махсус хизматларининг 320 дан ортиқ ходими ва агенти ҳамда уларнинг шерикларини аниқлашди”, деб айтди Путин.

Путин Россиянинг хавфсизлик органлари “бу чақириққа муносиб жавоб беришга тайёрлигига” ишонишини айтди.

“Биз бир қатор давлатлар разведкалари, бизда айтиладигандек, Россия бўйича ишлашни кўпайтираётганини кўрмоқдамиз”, деб айтди Путин.

Путиннинг айтишича, давлат хавфсизлиги ва ҳарбий бошқарув органлари қуролли кучларнинг имкониятларини ошириш учун ўз ишларини мувофиқлаштиришлари лозим.

Аввалроқ Путин махсус хизматлар 2015 йилда 30 дан ортиқ терактнинг олдини олишганини маълум қилганди.