Ватанимиз мустақилликка эришиб, эркимиз ўз қўлимизга қайтгандан сўнг кўплаб йўналишларда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, мустақилликдан буён ҳар йили Қуръони каримни тўлиқ ёдлаш ва уни гўзал тиловат қилиш йўналишларида Республика миқиёсида “Қорилар мусобақаси” ўтказиб келинмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, бу иш ва ислоҳотлар гўзал ва хайрли ишлар сирасидандир. Зеро, Аллоҳ таоло каломи шарифи “Мутоффифин” сураси 26-оятида марҳамат қилиб айтганидек: “...Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!”.

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида ҳам ҳар йили Республика миқиёсида ўтказиладиган мазкур мусобақага йўлланма берувчи “Қорилар мусобақаси”ни ўтказиш анъанага айланган. Жорий 2015 йил 19 декабр куни институт талабалари ўртасида “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ташаббуси билан Қуръони каримнинг “мураттаб” (яъни, Қуръонни тўлиқ ёд олганлар) ҳамда “мужаввид” (яъни, Қуръонни тўғри, гўзал ва равон ўқиш) йўналишларида “Қорилар мусобақаси” ўтказилди. Мусобақа якунига кўра қуйидаги талабалар мутлоқ ғолиб ҳамда Республика миқиёсида ўтказиладиган навбатдаги мусобақага йўлланма совриндорлари деб топилдилар.

Мураттаб қорилар йўналишида 3 курс талабаси Маҳмудов Муҳаммадяҳё, мужаввид қорилар йўналишида эса 3 курс талабаси Муҳиббуллаев Саидмуҳаммад мутлоқ ғолиб деб топилдилар.

“Таҳфизул-Қуръон” кафедрасидан эса мураттаб қорилар йўналишида 1 курс талабаси Нуриддинов Аълохон, мужаввид қорилар йўналишида эса 3 курс талабаси Хидирбоев Ҳусан мутлоқ ғолиб бўлдилар.

Мураттаб қориялар йўналишида 2 курс талабаси Сайдуллаева Назокат, мужаввид қориялар йўналишида эса 1 курс талабаси Сатторова Солиҳа ғолиб бўлишди.

Мусобақага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Таълим бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Турсунов Абдулҳамид домла, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим бўлими мудири Акбар Дўстматов, институт ўқитувчи ҳамда ходимлари ва бошқа меҳмонлар ташриф буюришди.

Мусобақа сўнгида ғолибларга дипломлар ва қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.

Жалолиддин Ҳамроқулов / Muslim.uz