Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг Хитойга сафари якунланиши билан “Синьхуа” давлат агентлиги Россия иқтисодиётининг аҳволи ҳақида кескин танқидий мақола эълон қилиб, уни жаҳоннинг асосий янгиликлари қаторида жойлаштирди. Хитой расмий ахборот каналларининг бундай ҳаракати россиялик журналистларга тушунарсиз туюлди.
Мақолада айтилишича, Россия сиёсати стратегик боши берк кўчага, иқтисодиёти эса тизимли инқирозга кириб қолган, ва бундан чиқиш осон бўлмайди.

“Россия қийин даврдан ўтмоқда, - дейилади мақолада. – Нефть долларлари, илгаригидек, иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисмини ташкил этади. Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг ҳисоб-китобларига қараганда, нефть нархи 40 доллар бўлган тақдирда мамлакатда ЯИМ 5 фоизга тушиб кетади. Молия вазирлигининг фикрича, бюджет бунда 3 трлн рубль камомад кўради. Аммо энг жиддий таҳдид бунда эмас. Таҳлилчиларнинг фикрича, Россияда 2014-2015 йилда иқтисодий беқарорликнинг кузатилиши 2012 йилдаёқ бошланган структур инқироз билан боғлиқдир. Унинг моҳияти иқтисодиёт деиндустриализацияси ҳамда қишлоқ хўжалигининг тушиб кетишидадир, инқироз тугаганидан сўнг эса одатда саноат ва аграр секторни дарҳол яхшилаб бўлмайди”.
Бу мақола Медведев Хитой раҳбарияти билан келиша олмаганини кўрсатади, деб ҳисоблайди РФ ФА Узоқ Шарқ институти директори ўринбосари Андрей Островский.
“Медведевни қабул қилишди, қорнини тўйдиришди, экскурсиялар ўтказишди, шу билан бўлди. Энди хитойликлар ёзмоқда: “Мамлакатингизда нима бўлаётганига қаранг. Бизда хитойча орзу бор, сизда нима бор?”. Хитой сўрамоқда: “Биз билан қандай ҳамкорлик қилмоқчисиз?”. Барча тахминларга кўра биз “Ҳеч қандай” деб жавоб бермоқдамиз, - таъкидлади мутахассис”.

“Агентлик (“Синьхуа”) биз Пекинга ёлғон гапираётганимизни айтди. Хитой фақат кучли ва масъулиятлилар билан иш кўради. Ҳозир улар Россияда нималар бўлаётганини тушуниб турганларини кўрсатишди”, - сўзида давом этди Островский.
Шу билан бирга, унинг фикрича, Россия халқига нисбатан Хитойнинг муносабати яхши.

“Хитойликлар бизнинг халқимизни ҳисобдан чиқармаяпти. Улар фақат Медведев ва ҳукуматни ҳисобдан чиқармоқда”, - ишонтириб айтди эксперт.

Элдор Асанов тайёрлади