Қозоғистонлик синоптикларнинг об-ҳаво башоратлари кўпинча амалга ошмайди, лекин бунинг ортида ҳам бир манфаат ётибди. Бундан ким манфаатдорлигини аниқлаш мақсадида “Караван” газетаси ўзига хос тафтиш ўтказди.

“Қазгидромет” собиқ бош мутахассиси Борис Степановнинг тахминига кўра, у мазкур “нотоза” ишдан гумонсирай бошлагани боис ишдан бўшатилган.

“Баъзан “Қазгидромет” раҳбарияти ўз истеъдодини бежизга сарфлаяпти, деган тасаввур уйғонади. Ахир бундай фантазия билан улар Ҳолливудда табиий офатлар ҳақида блокбастерлар олиб, миллионлар ишлаши мумкин эди. Уларнинг бераётган об-ҳаво башоратлари ҳар қандай сценарийлардан кўра ҳаяжонли. Фақат бир ёз давомида Олмаотани 35 марта бўрон гирдобига олиши, ҳар бирида уч кунлаб сел келиши лозим эди. Мегаполис аҳолиси ҳозирга қадар тирик эканлиги чинакам мўъжиза бўлса керак”, - деб ёзади журналист.

Охирги йилларда профессор Степанов ҳаво башоратини аниқлаштирадиган методика устида ишлаган, лекин унинг таклифи идора раҳбарларига маъқул келмаган.

Степановнинг ишонтиришича, ёлғон бўрон таҳликаларидан мўмайгина даромад олса бўлади. Негаки бўронга тайёргарлик учун катта пул ажратилади, бутун техника ва фавқулодда хизматлар доимий шай ҳолатда тутилади. Шу билан бирга, бир неча маротаба берилган башоратлар нотўғри чиққач, кейинги башоратларга эътибор қаратилмайди, агарда улар тўғри чиқиб қолса, давлат табиий офатларни шай ҳолатда кутиб ололмайди. Бунга мисол тариқасида Степанов 22-23 июль кунлари Олмаотада кузатилган селни келтирди. Унинг оқибатида 429 объект сув остида қолиб кетди. Оқибатларни бартараф қилишга эса 2 млрд танга ажратилди.

“Бу кичкина сел эди, - дейди эксперт. – Шунчаки синов бўлди, деса ҳам бўлади. Барча ФВВга ҳужум қилди, гўёки улар эътиборсиз қолдирганидек. Аслида эса ҳамма гап об-ҳаво башоратчиларида эди. ФВВ ва “Қазселҳимоя” ҳар уч кунда бўрон ҳақида огоҳлантириш оларди метереологлардан. Бутун ёз бўйи тўғонлар олдида навбатчилик қилиш яхши, лекин аниқ башоратлар бериш ундан кўра яхшироқ эмасми?”.