Илгари хабар қилинганидек, Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги “Манас” аэропортининг электрон почтасига бомба ҳақида хабар келиб тушиши муносабати билан аэропорт фаолияти бир соатга тўхтаб қолди. Воқеа жойига етиб келган фавқулодда кучларнинг текширувлари бирор натижа бермади, таҳлика ёлғон деб эълон қилинди.

Остона-Бишкек рейсини амалга ошираётган самолёт йўловчилари қарийб бир соат давомида бортдан ташқарига чиқарилмади. Бу йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Самолётдаги айрим фойдаланувчилар ўз таассуротларини ижтимоий тармоқларда ёзишди.

“Самолётдан чиқаришмаяпти, айтишларича, аэропортда ваҳима, бомба қидиришмоқда”, - деб ёзди йўловчилардан бири Азамат Тинаев Twitter’даги микроблогида.

Текширувлар тугаганини ҳам у хабар қилди: “Махсус хизматлар ходимлари, итлар ва кинологлар машинага минишди ва кетишди”.

Текширувлар давомида портловчи ускуна аниқланмади. Хабар номаълум IP-дан юборилгани айтилмоқда.