Европа ўз мустақиллигининг катта қисмини НАТОга топшириб, ташқи сиёсатдан воз кечмоқда, деб айтди Россия президенти Владимир Путин.

Путин бу ҳақда “Россия 1” телеканалида эфирга узатилган “Миропорядок” ҳужжатли фильми учун берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Европанинг муаммоси шундаки, у мустақил равишда ташқи сиёсат юритмайди. Умуман юритмайди”, деб айтди Путин.

Путиннинг қўшимча қилишича, “Европа мустақиллигининг бир қисми НАТОдан кўра кўпроқ блокнинг етакчиси АҚШга топширилган”.

Путин Германия ва Франциянинг қаршилигига қарамасдан, АҚШ қўшинларининг Ироққа олиб кирилишини бунга мисол тариқасида келтирди.

“Бостириб кириш амалга ошгандан, Саддам Ҳусайн ва Ироқ йўқ қилингандан кейин, эслайсизми, уларга нима дейишган? Сиз ноҳақ эдингиз, дейишган. Менга ҳам “биз ютдик, сиз эса четда қолиб кетдингиз” деб айтишган”, деб айтди Путин.

Путиннинг таъкидлашича, бироқ оқибатда Яқин Шарқда террорчилик авж олди ва энди зарбалар Франциянинг ўзига берилмоқда.