Индонезия қирғоқлари яқинида бортида 122 киши бўлган кема сувга ғарқ бўлмаган, балки мотори ишламай қолиб, сувда қолиб кетган, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Қидирув-қутқарув отряди бошлиғи Бамбанг Соелистуо қутқарувчилар кемага етиб боришга ҳаракат қилишаётганини айтган.

“Кемада 122 киши бор. Биз у ерга барча қутқарувчиларни юбордик, бироқ баланд тўлқинлар халақит қилмоқда”, деб айтди Соелистуо.

Кема Колака шаҳридан Жанубий Сулавеси оролидаги шаҳарга кетаётган бўлган. Портдаги манбанинг маълум қилишича, кема билан алоқа шторм пайтида кема двигатели ишламай қолган пайтда узилиб қолган. Жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Аввалроқ кема чўкиб кетгани маълум қилинганди.