Хитой ташқи ишлар вазирлиги АҚШни Жанубий Хитой денгизида иғвогар ҳаракатларни бас қилишга чақирди. Бу ҳақда 19 декабрда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Хун Лэй Наньша (Спратли) ороллари ҳудудида Хитойнинг ҳаво ҳудудини бузган АҚШнинг Б-52 бомбардимончи самолётлари билан боғлиқ воқеага изоҳ бериб айтди.

“Хитой бу воқеага жиддий муносабат билдирди ва АҚШ томонига қаттиқ огоҳлантириш берди”, деб айтди Хун Лэй. “Хитой АҚШни ўз хатоларини яна бир ўйлаб кўриш ва тўғрилашга, Хитой дахлсизлиги ва манфаатларига путур етказиши мумкин бўлган ва Жанубий Хитой денгизи ҳудудида тинчлик ва барқарорликка салбий таъсир қиладиган бундай хавфли иғволарни бартараф этиш бўйича самарали чораларни қабул қилишга чақиради”, деб қўшимча қилди дипломат.

Пекин маълумотларига кўра, АҚШнинг иккита Б-52 бомбардимончи самолёти 10 декабрда Наньша (Спратли) ороллари ҳудудида Хитойнинг ҳаво ҳудудига ўзбошимчалик билан кириб борган. Пентагон вакиллари самолётлардан бири йўналишдан оғишиб кетганини айтишган.