20 декабр куни Андижон вилояти ҳокимлигида “Андижанка” аёллар футбол жамоасининг миллий биринчилигимизда учинчи ўринни эгаллагани муносабати билан тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Шухратбек Абдураҳмонов шонли тарихга эга жамоанинг мураббий ва футболчиларини табриклаб, “Андижанка”ни келажакдаги фаолиятига муваффақиятлар тилади. Андижонлик бир гуруҳ аёллар футболи фаҳрийлари вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар устози, спортимиз фаҳрийси, таниқли шарҳловчи Ахбор Имомхўжаев “Андижанка” жамоасининг ўзбек спорти ривожи учун қўшган улкан ҳиссаси ҳақида алоҳида тўҳталиб ўтиб, клубга кейинги мавсумларда бунданда юксак натижалар эгаллашини чин дилдан исташини билдирди.

Маросим сўнгида жамоа аъзоларига бронза медаллари тантанали тарзда топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон аёллар футболи Ассоциацияси мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, журналистлар иштирок этдилар.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон