ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер ва УЕФА президенти Мишель Платини 8 йилга ҳар қандай футбол фаолиятидан четлаштирилди. Германиялик мутахассис Ханс-Йоахим Эккерт бошчилигидаги ФИФА этика қўмитаси шундай қарор чиқарди.

ФИФА этика қўмитаси томонидан қабул қилинган қарорга кўра Блаттер ташкилотнинг ахлоқ кодексларини бузгани, шахсий манфаат йўлида кимларгадир совға бергани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Блаттер ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндошиш ҳамда камомадда айбланган эди. Шунингдек, унинг президентлигидаги ташкилот томонидан УЕФА раҳбари Платинига тегишли компания ҳисобига 2 миллион франк ўзказилгани бўйича ҳам гумон қилинган.

Мутасаддилар бу пулни Платини 9 йил давомида ФИФАда маслаҳатчилик лавозимида ишлагани учун оғзаки келишув асосида ўтказилганини таъкидлаб келишаётган эди. Айнан мана шу ноқонуний ўтказма уларга нисбатан иш очилишига, охир оқибат эса 8 йилга футболдан четлаштирилишига олиб келди.

Шунингдек, Блаттерга 50 минг, Платинига эса 80 минг швейцария франки миқдорида жарима жазоси қўлланди.