Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Россияга ташрифи чоғида қурол сотиб олиш бўйича муҳим келишув имзолашни режалаштирмоқда, деб ёзади «Коммерсантъ».

Бу Модининг Россияга қилган биринчи расмий ташрифи бўлади. Газетанинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Моди Андхра-Прадеш штатида Россия иштирокида янги атом станцияси қуришга розилик беради. Бу ҳақда Моди Владимир Путин билан суҳбати чоғида маълум қилиши мумкин.

Ҳарбий қуроллар сотиб олиш бўйича Россия ва Ҳиндистон ўртасида тузиладиган шартноманинг тахминий қиймати 7 млрд долларни ташкил қилиши кутилмоқда. Ҳиндистон С-400 маркасидан бешта дивизион харид қилиши мумкин, бироқ расмий Нью-Делини Россия бешта дивизион учун сўраётган 2,5 млрд долларлик нарх қониқтирмаяпти.

«Шунингдек Ҳиндистон томони дизель-электр тизимида ишловчи иккита 636 лойиҳадаги «Варшавянка» сув ости кемаси, учта фрегат, 48 дона Ми-17В5 ҳарбий вертолётларини сотиб олиш бўйича музокаралар ҳам бўлиб ўтади», — дея аниқлик киритади газета.

Бундан ташқари, музокаралар давомида Ҳиндистонда қўшма корхона асосида кўп мақсадли Ка-226Т вертолётини ишлаб чиқариш масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Қайд этиб ўтиш жоиз, Ҳиндистон Россиянинг қурол импорт қилиш бўйича энг асосий ҳамкори саналади. 2014 йилда Нью-Дели Россия жами қурол экспортининг 28 фоизини сотиб олганди.