Испаниядаги парламент сайловида амалдаги ҳукмрон партия ғалаба қозонди

Жаҳон 21 Декабрь 2015 1102

20 декабрь куни Испанияда парламентга сайловлар бўлиб ўтди. Ушбу сайлов тарихий аҳамиятга эга бўлиб, унинг натижасида қарийб 30 йилдан кўпроқ вақт мавжуд бўлган икки партияли тизимга барҳам берилиши назарда тутилган.

Сайлов участкалари эрталаб соат 9да очилган ва овоз бериш жараёни соат 20.00га қадар давом этди.

Охирги маълумотларга кўра, сайловда Испания бош вазири Мариано Рахоя бошчилигидаги Халқ партияси ғалаба қозонган.

Испания ИИВ сайти маълумотига кўра, ҳукмрон партия парламентда 126та ўрин олган.

Иккинчи ўрин эса Испания социалистик ишчилар партиясига теккан. Бу партия 95та ўринни қўлга киритган. Учинчи ўринда қолган Podemos партияси 39та, Тўртинчи ўриндаги "Фуқаролар" партияси 30та мандат олган.

Конгрессдаги (қуйи палата) 350 депутатлик ўрни учун ва Сенатдаги 208 ўрин учун 4353 номзод – 2263 эркак ва 2090 аёл кураш олиб борди. Номзодлар 13та сиёсий партия ва бирлашмалардан кўрсатилганди.

Маълумот учун, Испанияда 36,5 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга. Улардан 1,9 миллиони хорижда истиқомат қилади. Шуни ҳисобга олиб, хорижий мамлакатларда 22,9 минг сайлов участкаси ташкил этилди. Қарийб 1,6 миллион одам сайловда биринчи бор иштирок этган.

Сайлов учун давлат бюджетидан 130,24 миллион евро ажратилди.

Кўпроқ янгиликлар