Исроил мудофаа вазирлиги ракетага қарши ҳужум тизими “Дэвид Слинг”ни синовдан ўтказишни якунлаганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

“Якуний сарҳад” деб номланган синов АҚШнинг ракетага қарши мудофаа агентлиги билан бирга ўтказилди. Синов давомида тизим барча нишонларни аниқлади ва бартараф этди.

Таъкидланишича, тизимдан мақсад асосан Ливан ҳудудидан “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи томонидан Исроилга йўлланадиган ўрта узоқликдаги ракеталарни ушлаш ва йўқ қилиш ҳисобланади.

Аввалроқ Исроил шимоли ракетадан ўққа тутилгани маълум бўлганди. Тахминларча, ракеталар Ливан ҳудудидан йўлланган.