Номаълум шахслар "Краснодар" жамоаси футболчиси Владимир Бистровнинг Ленинград вилояти ҳудудидаги уйига бостириб киришган. Бу ҳақда 47news.ru хабар қилган.

Бу воқеа 21 декабрь куни рўй берган. Хабар қилинишича, 4 нафар жиноятчи уйни қўриқлаб турган овчарка зотли итни ўлдиришган ва қоровулни боғлашган. Шундан сўнг улар уй ичига кириб, талончиликни амалга оширишган. Қоровул бир неча соатдан кейин ўзи мустақил тарзда боғичлардан қутилган ва сигнализация тугмасини босган.

Айни вақтда воқеа жойида махсус гуруҳлар ишламоқда. Жиноятнинг тўлиқ жараёни аниқланмаган. Йўқолган буюмлар орасида футболчининг бир қанча совринлари ҳамда унинг рафиқасига тегишли бўлган қимматбаҳо заргарлик буюмлари бўлган.

Бу воқеа рўй берган вақтда спортчи рафиқаси билан Мальдив оролларига таътилни ўтказиш учун кетган бўлган.

Маълумот учун, 31 ёшли футболчи ўз фаолиятининг катта қисмини Санкт-Петербург шаҳрининг "Зенит" жамоасида ўтказган. У жорий мавсумда "Краснодар" сафида 11 ўйин ўтказди. У Россия терма жамоаси сафида 47та ўйин ўтказган ва 4та голга муаллифлик қилган.