Миср футболидаги етакчи жамоалардан бири "Замалек" ноҳақ ҳакамликка қарши норозилик белгиси сифатида чемпионатдан чиқиб кетишини эълон қилди.

20 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги тур баҳсида «Замалек» сафарда "Эл-Гейш"га қарши ўйин ўтказди ва 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу ўйинда ҳакам Махмуд Ал Банна меҳмонлар дарвозаси томон 2та шубҳали пенальти белгилаган.

"Замалек" жамоаси вакилларининг таъкидлашича, жамоа бу ўйинга ушбу ҳакамнинг тайинланишига қарши бўлган. Шунга қарамай, Миср футбол федерацияси ҳакамни ўзгартирмаган. Клуб федерацияни ўзига қарши ишлашда айбламоқда.

Эслатиб ўтамиз, "Замалек" Мисрнинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Айни пайтда "Замалек" 6та ўйиндан сўнг 13 очко билан 6-ўринни эгаллаб турибди. Улардан 2та ўйин кўп ўтказган "Эл-Даклия" 20 очко билан жадвални бошқармоқда.