Nature 2015 йилнинг энг илғор 10 нафар фан фидойиси номини эълон қилди

Жаҳон 21 Декабрь 2015 2712

Nature журнали илм-фан оламида 2015 йил якунларига бағишланган қатор мақолалар чоп этди. Унда жумладан 2015 йил давомида ўз фан соҳасида энг катта натижаларга эришган ва илм йўлида фидоийлик кўрсатган илғор фан кишилари ҳақида сўз боради.
«Эмбрион муҳаррири», «Плутон овловчи», «Иқлим посбони» ва «Ядро дипломати» — Nature журнали 2015 йил давомида жаҳон илм осмонида ёрқин из қолдирган энг илғор ва фидокор олимларни айнан шундай номлар билан шарафлаган.

 

«Иқлим посбони» — Кристина Фигерц

Кристина Фигерц – коста-рикалик дипломат бўлиб, ўз фаолиятининг катта қисмини Ер сайёрасида иқлим ўзгаришлари масалаларини ўрганиш ва унинг салбий оқибатларининг олдини олишга бағишлаган. Фигерцнинг айтишича, унинг иқлим ўзгаришлари масалаларини ўрганишга киришиши учун туртки бўлиб, Коста-Рика ўрмонларида яшовчи қурбақа турларидан бирининг унинг кўз олдида бутунлай қирилиб кетганлиги бўлган экан. У ўша қурбақани болалигида ўзи кўргани, лекин катта бўлганида мазкур жонивор тури йўқ бўлиб кетгани ва энди ўз фарзандларига қурбақа ҳақида фақат эртакнамо ҳикоя қилаётганини афсус билан таъкидлайди. «Бу нарса мени ларзага солди, — дейди Фигерц. — Атмосфера ҳароратининг аста-секинлик билан ўсиб бориши мазкур қурбақанинг яшаш шароитини йўққа чиқарди. Натижада ушбу тур бутунлай йўқ бўлиб кетди. Мен бу жонзот ҳақида болаларимга ҳикоя қилиб берар эканман, у ҳақида эски адабиётлардангина маълумот топардим. Мен бу борада янги материаллар йиға бошладим ва ўша лаҳзаларда ўзимни Ердаги иқлим ўзгаришлари масалаларига бағишлашим кераклигини англаб етдим».
2009 йилда Кристина Фигерц иқлим ўзгаришларига бағишланган йирик халқаро анжуман бўлмиш Копенгаген конференциясини ташкиллаш билан шуғулланди, 2010 йил 17 майда эса БМТнинг иқлим ўзгаришлари бўйича конвенциясининг ижрочи котиби этиб тайинланди.

12 декабрь куни Парижда якунланган иқлим ўзгаришларига бағишланган конференцияда Фигерц ўзининг бутун сиёсий ва дипломатик маҳоратини ишга солиб, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида глобал иқлим ўзгаришлари борасида ўзаро тушуниш ва келишувларга эришишларини таъминлашга уринди. Бу борада унинг ўзи ҳам унчалик бой бўлмаган мамлакатда ўсиб, катта бўлгани катта аҳамият касб этган, дейишмоқда экспертлар. Унинг саъй-ҳаракатлари билан 12 декабрь 2015 йил санасида жаҳон мамлакатлари сайёрамизда иқлим ўзгаришлари масалаларини яна бир бора жиддий кўриб чиқишди ва қатор муҳим халқаро келишувларга эришилди. Ўз навбатида, ушбу ҳаракатлар меваси ўлароқ, келажак авлод учун Ер экосистемасини имкон қадар мукаммал ва ўз ҳолида етказиш мақсадларига эришилиши кўзда тутилаётир.

 

«Эмбрион муҳаррири» — Сзюнсзю Хуан

2015 йилнинг апрелида хитойлик генетик олим Сзюнсзю Хуан инсоният тарихида илк бора одам эмбриони геномини таҳрирлаш масалалари муфассал ёритилган илмий мақолани эълон қилди. Хуан таклиф қилаётган услуб CRISPR-Cas9 деб номланади.

Хуан сунъий уруғлантириш учун яроқсиз бўлган эмбрионлар устида тажриба ўтказган. Унинг мақоласи илмий жамоатчилик орасида жўшқин ва кескин мунозараларга сабаб бўлди. Бироқ, шуниси ғалатики, мақола муаллифининг ўзи ўша мунозара ва муҳокамаларнинг бирортасида ҳам иштирок этгани йўқ. Хуан билан алоқага чиқиш ва ундан қисқача бўлса-да изоҳ олишга бўлган уринишларнинг барчаси зое кетмоқда. Бу борада ҳатто жаҳоннинг энг нуфузли илмий нашрлари – Nature, Sceintific American, Springer кабиларнинг ҳам мухбирлари Хитойдан қуруқ қайтишди.

Шов-шувга сабаб бўлган ўша мақола эълон қилинган апрель ойида Nature журнали мухбирига қуйидагича қисқа изоҳ берган эди: «Ушбу илмий иш саратон ва қанд касалликлари билан боғлиқ ирсий муаммоларни аниқлашда ёрдам бериши мумкин, шунингдек, ундан эмбрионнинг ривожланиши жараёнида фаол бўлувчи турли генларнинг вазифаларини аниқлашдан фойдаланилиши кутилмоқда».
Олимнинг айтишича, у бу борадаги анъанавий мунозараларни алангалатмоқчи эмас (Эмбрион таҳлили ва унинг ирсий ривожланишига аралашув билан боғлиқ ахлоқий масалалар назарда тутилмоқда):

«Мен аслида бу нарсанинг амалда қандай эканлигини кўрсатмоқчиман холос. Одамлар билиши учун. Менинг тадқиқотларим – ирсиятни ўзгартиришга бўлган уринишларнинг оқибати қанчалик хатарли эканини кўрсатиб беришга қаратилган таянч илмий иш бўлишини истаганман».
Сзюнсзю Хуаннинг эътироф этишича, генетика ютуқларини тадбиқ этиш орқали ирсияти таҳрирланган соғлом чақалоқ дунёга келиши учун ҳали яна камида 50 йил вақт керак. Балки ундан ҳам кўпроқ, айтайлик 100 йил ҳам бўлиши мумкин. Лекин унгача, бу соҳадаги илмий янгиликлардан сенсация ясамасдан, шов-шув кўтармай, жимгина тадқиқотларни давом эттириш лозим. Ирсият муҳандислиги масалаларига аҳолини ва айниқса ОАВни эътиборини ҳозирча жалб этмаслик керак. Чунки, аввало ҳали бу борада айтарли илмий ютуқнинг ўзи йўқ, қолаверса, башарти бирор ижобий натижага эришилса ҳам, худди ядро физикасидан қирғин қуроли – атом бомбаси ясаш учун фойдаланишга ўтиб кетилгани сингари, ирсият муҳандислигидан ҳам ғайриинсоний, разил мақсадларда фойдаланишга ўтиб кетилмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ.

 

«Плутон овловчи» — Алан Штерн

2015 йилнинг 14 июль куни рўй берган улкан илмий аҳамиятга эга ҳодиса – Янги Горизонтлар коинот зондининг олис Плутон митти сайёрасига максимал яқинлашувига, ушбу миссия раҳбари Алан Штерн 1989 йилдан буён тайёрланган эди. Ўшанда у ва у билан ҳамкасб бўлган бир гуруҳ ёш астроном олимларда Қуёш тизимининг энг олис объектларидан бўлмиш ушбу митти сайёра билан яқиндан танишиш истаги уйғонган эди.
Янги Горизонтлар миссиясини ташкил қилиш ҳақидаги таклиф НАСАга 90-йиллар бошидаёқ берилган бўлиб, лекин узоқ йиллик баҳс-мунозаралардан сўнг НАСА расмийлари 2000 йилга келиб Алан Штернга узил-кесил рад жавобини беришганди. Миссия рад этилганлигининг сабаби оддий – НАСА бундай таваккалчиликка боришни истамаган ва олис осмон жисмини ўрганиш ишларини молиялаштиришдан бош тортган. Бироқ Штерн ва унинг гуруҳи таслим бўлмади ва ўз мақсади учун курашишда давом этди. У тинимсиз НАСА раҳбарияти билан музокаралар олиб борди ва охири уларни кўндиришга муваффақ бўлди. Миссиянинг асосий ижрочиси – Янги Горизонтлар зонди 2006 йилда чексиз коинот бўйлаб парвозга чиқди. Алан Штерннинг сўзларига қараганда, у Плутонни тадқиқ этиш масаласига шу даражада иштиёқ билан берилиб кетганки, унинг уч нафар фарзанди мактабни тугатиб, университетга кирган пайтларда, уларнинг ҳаммаси ва бошқа қариндошлари ҳам 2015 йил 14 июль санасини уйқусираб ҳам ёддан айтадиган бўлиб кетишган экан.
Чунки айнан шу санада «Янги Горизонтлар» зонди Плутон митти сайёрасига максимал яқинлашиши лозим эди ва амалда бу вазифа жуда катта муваффақият билан бажарилди! Зонд Плутон устида атига 12 504 км масофадан учиб ўтди ва илм-фан учун беқиёс маълумотларни тўплаб, Ерга жўнатди.

Тадқиқотчи гуруҳнинг кўплаб аъзоларининг айтишича, миссия кулминацияси бўлмиш ушбу максимал яқинлашув амалда юз бергач, илмий гуруҳнинг кўплаб аъзолари «учишдан кейинги депрессия»га учрашган. Яъни, улар ва ниҳоят муддаога эришишганидан сўнг, елкаларидан тоғ ағдарилгандек бўлиб, воқеани нишонлашга тушишган ва маишатга берилишган. Фақат Штерндан ташқари. Алан ушбу улкан илмий ҳодиса муваффақиятли содир бўлганидан кейинроқ зонддан олинган маълумотларни жиддий ўрганишга ва таҳлил қилишга боши билан шўнғиб кетган. Ахир у бу онларни нақ 26 йил кутганди-да! Боз устига, «Янги Горизонтлар» ҳозирда Койпер белбоғи йўналишида учишда давом этмоқда. Койпер белбоғи ҳам худди Марс ва Юпитер орасидаги астероидлар ҳалқасига ўхшаш сирли ҳудудлардан бири бўлиб, Плутон ҳам аслида ушбу белбоғдаги объектлардан бири холос (фақат у биринчи бўлиб кашф этилган ва шу сабабли узоқ йиллар катта сайёралар туркумида эътироф этилган). Агар НАСА «Янги Горизонтлар»нинг Койпер белбоғи томон янги миссиясини маъқулласа, энди Штерн гуруҳи эътиборини яна янги объектларга қаратиши мумкин бўлади. Олдинда бизни янги кашф этилган митти сайёралар – Эрида, Макемаке, Ҳаумеа, Орк, Иксион ва бошқалар ҳақида ажойиб маълумотлар кутиб турган бўлиши мумкин. Фақат бунинг учун биз Алан Штерн ва унинг «Янги Горизонтлар» миссиясидан яна 4 йил маълумот кутишимиз керак. Чунки зонд ўзининг кейинги манзилига 2019 йил декабрида етиб боради.

 

«Материаллар устаси» — Чзженан Бао

«Агар биз табиат яратган моддалар сингари мукаммал материалларни сунъий равишда олишга эриша олсак, кўплаб ўткир муаммоларни ҳал қилишимиз мумкин бўлур эди», — дейди Чзженан Бао.
Унинг иш столида кўпчиликка нотаниш бўлган айрим ғайриоддий материалларни топиш мумкин. Масалан, ўта енгил (деярли вазнсиз) пластир шулар жумласидан бўлиб, ушбу материал углерод нанотрубкасидан тайёрланган. Бу пластир инсон билагига ёпиштирилади ва у инсоннинг юрак фаолиятини назорат қилади.

Баонинг яна бир ғалати ихтироси бу – сунъий тери бўлиб, унга наносенсорлар ўрнатилган. Ушбу тери ҳам инсон танасига бириктирилиши мумкин ва у ҳам ташқи таъсирларни сезиш хоссасига эга.
Бундай ғалати ва келажаги порлоқ материаллар устида олиб борилган машаққатли илмий ишлар олимнинг ўзи бошчилик қилган 40 нафар илмий ходимдан иборат гуруҳнинг узоқ йиллар давомидаги меҳнатлари самарасидир. «Бизни яна ҳали узоқ йиллик тадқиқот ва текширувлар кутиб турибди ва биз бунга тайёрмиз. Энг муҳими биз тўғри йўлда эканлигимизга ишончимиз комил», — дейди Баонинг шогирдларидан бири. Унинг ишонч билан айтишича, Бао илмий гуруҳи олишга эришаётган материаллар қачонлардир келиб, инсониятнинг тиббий хизмат борасидаги қарашларида инқилоб ясаши аниқ.

 

«Ядро дипломати» — Али Акбар Салоҳий

2015 йилнинг 14 июль санаси Алан Штерндан ташқари, яна шунингдек, Али Акбар Салоҳий учун ҳам ниҳоятда катта аҳамиятли кун бўлади. Унинг эришган натижаси Алан Штерннинг Плутон миссияси билан ҳеч қандай боғлиқликка эга эмас. Али Акбар Эрон Ислом Республикасининг ядро энергетикаси бўйича миллий ташкилоти президенти бўлиб, унинг муваффақияти Штернники сингари космик натижа эмас. Лекин Али Акбарнинг ушбу санадаги кўрсатган дипломатик маҳорати ва эришган тарихий натижасининг илмий ва айниқса сиёсий аҳамияти улкан деб баҳоланмоқда.

«Янги Горизонтлар» Плутонга максимал яқинлашган ушбу санада Али Акбар бошчилигидаги музокаралар орқали Эрон ва олтилик мамлакатлари (Россия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия ва Хитой) Эроннинг ядро дастури борасида тарихий келишувга эришишди. Натижада Эронга нисбатан ғарб томонидан жорий этилган иқтисодий чекловлар бекор қилинадиган бўлди.
Ушбу тарихий келишувни тасдиқловчи ҳужжатга кўра, Эрон ўз ҳудудидаги ядро объектларига ядро энергетикаси бўйича халқаро ташкилот – МАГАТЭ инспекторларининг киришига рухсат беради. Ғарб мамлакатлари эса аста-секинлик билан Эронга жорий қилинган иқтисодий чекловларни бекор қилиб боришади.

Nature журнали таҳририяти Али Акбар Салоҳийнинг ушбу келишувга эришилишидаги улкан ҳиссасини эътироф этар экан, мазкур келишув, дунёда ядро хавфсизлиги борасида навбатдаги улкан қадам бўлганини таъкидлайди ва унинг кейинги йилларда амалда сўзсиз бажарилишига умид боғлайди.

 

«Аёл овози» — Жоан Шмелтс

2015 йил октябрида Берклидаги Калифорния университетида катта машмаша келиб чиқди: бутун дунёга машҳур астроном, энг кўп сондаги экзосайёраларни кашф этганлиги учун Нобел мукофотига сазовор бўлган олим Жефф Марси университетнинг талаба қизларига нисбатан жинсий тайзиқ ўтказганликда айбланиб ишдан ҳайдалди. Бу борада ташаббус кўрсатган ва жиддий текширув ўтказилишини талаб қилиб, охири машҳур ҳамкасбининг ахлоқсиз-жиноий хатти-ҳаракатларини фош этган инсон ушбу университет олимаси Жоан Шмелтс бўлди.
2009 йилдан 2015 йилгача Шмелтс Америка Астрономия Жамиятининг аёллар қўмитасига раислик қилиб келган. Ҳозирда у Пуэрто-Рикодаги Аресибо расадхонасида директор бўлиб ишламоқда. Олима эришилган ушбу муваффақиятни фақат ишнинг дебочаси сифатида қарамоқда ва у аёлларнинг илм-фан соҳасидаги ҳуқуқлари учун курашишда давом этажагини маълум қилган.
«Келинг, ёш олима аёлларда ортиқча босимни олиб ташлайлик. Токи улар ўзларини бағишлаган фан соҳаси билан хотиржам шуғулланиб, илмий ишларини ортиқча юкдан ҳоли равишда олиб боришсин. Тизимни ўзгартирайлик, токи эркак ходимлар ўз ҳамкасабаларига жинсий таъқиб қилишни тўхтатсинлар...», — дейди Жоан Шмелтс.

 

«Ирсият археологи» — Девид Райх

«Ўйлашимча мен университетда идеалист бўлган эканман. Чунки мени одатда кенг миқёсли оламшумул назариялар қизиқтирарди. Шундай назария бўлсинки, у ўзида ҳамма-ҳамма нарсани қамраб олсин», — деб хотирлайди Девид Райх ўзининг талабалик йиллари ҳақида. Ёшлигида уни деярли барча фан қизиқтирган бўлиб, у ўзининг илк олий маълумот дипломини социология факультетида бошлаб, физика факультетида якунлаган эди. Девиднинг иккинчи олий таълим соҳаси биокимё мутахассислиги бўлган. Уни ўшанда инсон ирсияти масалалари ўзига жалб қилган эди.
2013 йилда у ўзининг хусусий лабораториясини очди. Лабораториянинг илк илмий тадқиқотиданоқ катта миқёсли натижалар олишга эришилди:
Унинг лабораторияси мутахассислари Россия ҳудудида бундан 5 минг йиллар муқаддам яшаган инсонлар қолдиқларини ўрганиб чиқишди. Тажрибада 66 нафар қадимги одам қолдиқларининг генлари таҳлилдан ўтказилди. Унинг хулосаларидан бири шу бўлдики, бундан 5 минг йил аввал ушбу одамлар гуруҳи Шарқий Осиёдан Ғарбий Европа томон улкан кўчишни амалга оширишган экан.

 

«Ўта ўтказгич» — Михаил Ерёметс

«Келажаги порлоқ ёш олим сифатида, 1970–1980 йилларда Михаил Ерёметс жуда кучли ирода соҳиби эканлигини намойиш қилганди. У Москва яқинидаги Катта босимлар институтида иш бошлаган. Институтдаги меҳнат шароитлари жуда аянчли бўлиб, баъзида энг элементар маиший шароитлар ҳам бўлмаган. Келиб чиқиши белоруслик бўлган Ерёметс институтдаги аслида истиқболсиз бўлган илмий ишларга жалб қилинганидан тушкунликка тушмади ва илғор илмий гуруҳларга қўшилиш учун, институтдаги деярли ишламайдиган, ишласа ҳам одатда банд бўладиган эски телефондан юзлаб маротаба керакли жойга қўнғироқ қилиб, охири мақсадига эришган» — деб таништиради Nature журнали ушбу олимни.

Ерёметс ўзи эса: «Агар мен ниманидир қилишни истасам, ўша иш кўнглимдагидек бўлмагунча, қанча керак бўлса, шунча такрорлашим мумкин. Ҳеч қачон бошлаган ишимга қўл силтаб ташлаб кетмайман», — дейди. Олим ҳозирда Германияда, Макс Планк илмий жамиятининг Кимё Институтида фаолият кўрсатмоқда.
2015 йил ёзида Михаил Ерёметс муаллифлигида эълон қилинган илмий мақолада шундай дейилади:
Оддий сероводород учун агар 203 °К ва 1.5 миллион атмосфера босими шароитини яратиб берилса, у идеал ўта ўтказгич хоссаларини намоён қилади.
Ҳозирча ушбу илмий натижани Ерёметснинг ўзидан бошқа олимлар мустақил равишда такрорлай олишгани йўқ ва шу сабабли унинг натижаси илмий жамоатчилик томонидан расмий тасдиқланмади. Лекин олим эришилган ушбу натижа билан кифояланиб қолмасдан, водород бирикмаларининг ўтказгичлик хоссаларини чуқур тадқиқ этишда давом этмоқда.

 

«Ферментация инқилобчиси» — Кристина Смоулк

Кристина Смоулк – синтетик биология билан шуғулланади. У 2015 йилда опиоид модда ишлаб чиқариш хоссасига эга бўлган сунъий штамм олишга муваффақ бўлди. Опиоидлар тиббиётда оғриқсизлантириш мақсадларида қўлланиладиган кучли препаратларнинг асоси бўлиб, шу пайтгача бундай моддаларни фақат табиий манбалардан – кўкнори уруғи ёки шунга ўхшаш гиёҳванд моддалардан олинарди. Гиёҳвандлик ва наркотраффика масалалари билан боғлиқ глобал муаммолар эътиборга олинса, Смоулкнинг илмий иши бу борада катта ижобий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Смоулкдан ташқари яна кўплаб олимлар анча йиллардан буён опиоидларни тайёрлашнинг шундай муқобил усулларини излаб келишаётган эди. Бироқ ҳозиргача ҳеч ким ретикулин моддасини бир шаклдан бошқа шаклга ўтишга мажбур қилувчи ферментни топа олмаётган эди. Жаҳоннинг етакчи биолабораторияларида асосан ретикулинни кўкноридан олишга уринишар эди. Лекин Смоулк бошқа йўлдан борди ва у кўкнори уруғидаги ретикулин синтезига жавобгар бўлган ДНК кодини қидиришга эътибор қаратди. Излаган кодини топгач эса уларни бирлаштириш орқали, ягона ген ташкиллашга муваффақ бўлди. Смоулк ясаган штамм гени худди паззл бўлакларидек, бир-бирга аниқ мутаносибликда тартиблаб чиқилди ва у ҳақиқатда ишлади!!!

Бироқ, ҳар доим бўлганидек, тадқиқотчи олдида янги, ахлоқий муаммо юзага келди: эндиликда ушбу опиоидни сунъий олиш имкони пайдо бўлар экан, бу жаҳонда сунъий гиёҳвандликнинг янада авж олишига, манфур наркодаллолларнинг унга ўзлари учун янги даромад манбаси сифатида қарамасликларига кафолат борми? Олима аёл бунга ҳам олимларга хос мукаммал ечим топди. У 2015 йилда штаммнинг янги турини, истисносиз равишда фақат ретикулин ишлаб чиқарадиган турини тайёрлади. Эндиликда, наркобаронлар учун Смоулк лабораториясини айнан ўхшашини қуриб олиб, сунъий наркотик моддалар ишлаб чиқаришга уринишдан фойда йўқ. Чунки унинг штамми фақат оғриқсизлантирувчи опиоид ишлаб чиқаради!
Смоулкнинг ҳозирдаги энг асосий илмий мақсади шу сингари фақатгина оғриқсизлантирувчи опиоидларни ишлаб чиқариш бўлиб, у ўзи йўлга қўйган илмий усуллар орқали, ножўя таъсирлари бўлмайдиган ҳамда ўрганиб қолишдек ёмон оқибатларга олиб келмайдиган дориларни тайёрлашни кўзда тутади.

 

«Нотўғри тушунчаларга қарши курашувчи» — Браян Нозек

Талабалик йилларида Браян Нозек одамлардаги онг ости ғайриихтиёрий ишонч ва тушунчаларнинг юзага келиш механизмларини ўрганишга бағишланган тестларни ишлаб чиқишга киришган. Бундай тест бир қарашда оддий кўринади. Тажрибада қатнашадиган одамга мониторда инсон исмлари кўрсатилади. Унинг Қаршисида иккита тугма бор. Одам мониторда аёл исмини кўрганида ўнг тугмани, эркак исмини кўрса эса чап тугмани босиши керак. Лекин экранда исмлар билан яна бошқа сўзлар қўшилиб кўрсатила бошласа, масалан, касб хусусиятлари ёки киши характерига тааллуқли сифатлар ёзилса, монитор қаршисидаги одамнинг вазифаси бирмунча чигаллашади. Амалиёт кўрсатишича, ҳатто энг илғор фикрли, дунёқараши кенг, тушунчаси замонавий кишилар ҳам мониторда «директор» ёзуви кўрсатилганда анча узоқ ўйланиб, иккиланиб қолишаркан ва барибир ўнг тугмани — «эркак» вариантини танлашар экан.

Нозекнинг тахмин қилишича, шу каби онг остида мустаҳкамланиб қолган ғайриихтиёрий тушунчалар нафақат тажрибада иштирок этган одамларда, балки тажрибани ўтказувчи илмий ходимларнинг ўзида ҳам бор бўлиб, бу эса илмий текширишнинг мутлақ тўғри натижа беришига йўл қўймайди. 2011 йилда Браян Нозек ва унинг ҳамкасблари «Reproducibility Project» — «Қайта тикланишни текшириш лойиҳаси» номли илмий текширишни бошлаб юборишганди. Унинг мақсади — психологик тадқиқотлар натижаларининг ҳақиқатга қанчалик яқинлигини текшириб боришдир.
2015 йилда Sciense журнали Нозек муаллифлигидаги ажойиб бир мақолани эълон қилди. Унга кўра, текширилган 100 та психологик тадқиқотдан фақат 36% қисмигина уларда қайд этилган статистик натижанинг тўғри эканлигини кўрсатган. Нозек психологик текширишларни текшириш билан чекланиб қолмоқчи эмас. У эндиликда саратон хасталикларини текшириш юзасидан ўтказилган текширишларни текширмоқчи. Текшириш натижаларини эса кейинги йил ўрталарида маълум қилиши мумкинлигини баён этган.

Умуман олганда, Нозекнинг фикрича, идеал текшириш ва идеал текширувчининг ўзи йўқ эмиш. Шу жумладан, у ўзини ҳам бу тоифадан истисно қилади. Сабаби эса юқоридаги “директор” сўзи мисолида келтирилгандек, ҳамма-ҳамманинг онги остида мустаҳкамланиб қолган ва унинг мутлақ тўғри хулоса чиқаришига тўсқинлик қиладиган ишонч ва тушунчалари борлигида экан...
Nature журнали талқинида 2015 йил илм фанидаги энг фидоий ва катта таъсирга эга бўлган олимлар ўнталиги рўйхатини айнан Браян Нозек билан якунлар экан, 2016 йил давомида яна қайси олимларнинг илмий фаолиятига эътибор қаратиш мумкинлигига ишора қилиб, кимлардан янги катта илмий натижалар кутиш мумкинлигини айтиб ўтади:
Nature`нинг 5-кишидан иборат олимлар рўйхатига 2016 йил 1 январдан эътиборан Европа ядровий тадқиқотлар ташкилотининг бош директори лавозимини эгаллайдиган физик-ядрошунос Фабиола Жанотти; лазер-интерферометрик гравитацион-тўлқинли лабораторияси (ЛИГО) вакиласи Габриэла Гонсалез; ҳужайралар биологияси билан шуғулланувчи олима Кети Ниакан ҳамда нейробиология ва сунъий интеллект масалалари билан шуғулланувчи олим, Хитой табиий фанлар давлат фонди бошлиғи Ян Вей қайд этилган.

Музаффар Қосимов тайёрлади. Манба: Orbita.uz 

Кўпроқ янгиликлар