Ўзбекистон ҳукумати фермер хўжаликлари юритиш учун ер майдонларининг оптимал ўлчамларини аниқлаб олди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 декабрдаги қарорига мувофиқ, 2015 йил 1 октябргача республикадаги 83514 фермер хўжалигидан ҳар бирига тўғри келадиган ер майдонининг ўртача ўлчами 43,9 гектарни ташкил қилган.

Оптималлаштириш натижалари мамлакатда ўртача 36,1 гектар ер майдонига эга 101070 та фермер хўжалиги яратишнинг мақсадга мувофиқлигини кўрсатди.

Қарорда белгиланишича, 2016 йил 1 январдан фермерларга ер берилиши ва уларнинг қайтиб олиниши ҳудудий фермерлар кенгаши ва ер майдонларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссияларнинг хулосаларига кўра туман халқ депутатлари кенгашининг қарорлари асосида амалга оширилади.